Онлайн савдодан харид қилинган телефон нуқсонли чиққанлиги сабабли шартнома бекор қилинди

Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг «Тоғлиқ» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи М.С.нинг 1 200 000 сўмга сотиб олган уяли телефон аппарати нуқсонли чиққанлиги сабабли шартномани бекор қилиб пулини қайтариб олишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб қилган оғзаки мурожаати ўрганилди.

Мурожаатни ўрганишда маълум бўлишича, истеъмолчи Spark 20 Pro русумли смартфонни «Uzum market» онлайн савдо платформасига буюртма қилиб, 24.01.2025 йил куни қўлига олган ва шу кунни ўзида сим карта солиб ишлатиб кўрмоқчи бўлганида мобил қурилма ишламаган. Эртаси куни онлайн савдо платформанинг тумандаги товарларни қабул қилиш-тарқатиш шохобчасига келиб ушбу масалада мурожаат қилганида, телефонни диагностика қилиб кўриш кераклиги айтилиб олиб қолинади ва 20 кундан кейин келиши айтилади. Келишилган пайтда яна келган истеъмолчи телефонни ишламаётганлигини кўриб, шартнома бекор қилинишини ва пули қайтарилишини сўраганида у ердагилардан жўяли жавоб ололмагач телефонни яна қолдириб кетган.

Мурожаатни ўрганиш давомида шохобча масъуллари билан учрашилиб, истеъмолчи мурожаатида келтирилган важлар ва юзага келган ҳолатда унинг ҳуқуқларини ифода этувчи талабнома хат киритилди. Ўрганиш ишлар эса масалани истеъмолчи фойдасига ҳал этилиши, шартнома бекор қилиниб, унга 1 200 000 сўм пули қайтарилиши билан якун топди.

Хуснидахон Якубова, туман жамияти мутахассиси.