МАҚСАДЛАР АМАЛГА ОШМОҚДА!

Маълумки, 2023 йилнинг 11 сентябрь куни 5 та устувор йўналиш ва 100 та мақсадни ўзида қамраб олган “Ўзбекистон-2030” стратегияси қабул қилинди. Стратегиядан мамлакатимизда келгуси йилларда амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар ўрин олди. Ушбу мақсадлардан бирида жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида зарур ишларни амалга ошириш назарда тутилган.

Хусусан, камбағалликни қисқартириш борасида 2030 йилга бориб камбағаллик даражасини жорий йилда кутилаётган 9 фоиздан 5 фоизга тушириш, кам таъминланган оилаларнинг болаларини чет тилларига, кўникма ва касбларга ўқитиш, муҳтож оилаларга 50 минг гектар ер ажратиш, кичик ишлаб чиқарувчини зарур асбоб-ускуналар билан таъминлаш, 2030 йилгача ишсизлик даражасини 5−6 фоиз даражасида ушлаб туриш, бунда 2025 йилнинг ўзида 1 миллион кишини камбағалликдан чиқариш мақсад қилинган.

Шу билан бирга, меҳнат миграцияси соҳасида ҳам қатор режалар илгари сурилган, унда мигрантларни касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш учун шарт-шароитлар яратиш, 2025 йилда иқтисодий ривожланган 21 мамлакатда 200 минг фуқарони иш билан таъминлаш режалаштирилган.

Бундан ташқари, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш масаласида 2025 йилда 600 мингдан ортиқ хотин-қизларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш, ҳар йили 2 миллион нафар ёшларнинг салоҳияти ва қобилиятини ривожлантириш, уларнинг 500 нафарини хорижда ўқитиш, 1,8 миллион ёшни ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари кўриш каби вазифалар белгиланган.

Юқорида режалаштирилган ишларни амалга ошириш борасидаги ҳаракатларнинг бири сифатида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2024 йил 27 декабрь куни “Фаол нуронийларни камбағал оилаларга бириктириш ҳамда маҳаллада соғлом турмуш тарзи ва ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришга жалб этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қабул қилинган қарорни қайд этиш лозим.

Қарорга кўра, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳудудий бўлимлари билан ҳамкорликда ҳар бир маҳалладан уч нафардан аҳоли орасида ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлган ва ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи 55 ёшдан 75 ёшгача бўлган маҳалланинг фаол нуронийлари танлаб олинади ҳамда уларга яшаб турган жойи бўйича бештадан камбағал оила олти ой муддатга бириктирилади. Бириктирилган оилалар билан ишлашда уларга “маҳалла еттилиги” амалий ёрдам кўрсатади.

“Нуроний” жамғармаси ва фаол нуронийлар ўртасида уларни рағбатлантириш мақсадида фуқаролик-ҳуқуқий кўринишдаги шартномалар расмийлаштирилади, уларга юкланган вазифаларни бажаришлари учун жамғарма томонидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 фоизи ҳисобида рағбатлантирувчи тўловлар тўланади.

Фаол нуронийлар ўзларига бириктирилган камбағал оилалар фарзандларининг билим олишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида ўқув жиҳозлари ва қуроллари, дарс стол-стуллари ҳамда спорт кийимларига бўлган эҳтиёжларни аниқлайди, уларни харид қилиш бўйича “Нуроний” жамғармасига тавсия беради ва  уни расмийлаштиришда ҳоким ёрдамчилари ҳамда ижтимоий хизмат ходимлари кўмаклашади.

Камбағал оила фарзандига ўқув жиҳозлари ва қуроллари ҳамда спорт кийимлари фаол нуроний, маҳалла раиси ҳамда “Нуроний” жамғармасининг ҳудудий вакиллари томонидан топширилади. “Маҳалла еттилиги” фаол нуронийлар томонидан бириктирилган оилаларни камбағалликдан чиқаришга кўмаклашади, соғлом турмуш тарзи ва ижтимоий-маъанавий муҳитни шакллантириш бўйича амалга оширилган ишлар самарадорлигини ўрганиб боради.

Бундан ташқари, фаол нуронийлар ҳар ойда маҳаллалар, туман ёки шаҳар ҳамда вилоят миқёсида ўтказиладиган спорт тадбирларида маҳалладаги кексаларнинг иштирок этишини таъминлайди, тадбирлар билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш бўйича “Нуроний” жамғармасига тавсия беради. Ушбу харажатларни қоплаш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ҳам амалга оширилиши мумкин.

Юқорида қайд этилган мақсадлар, аввало, юрт тинчлиги ва халқнинг фаровон ҳаётига қаратилган, айниқса, камбағал оилалар фарзандларининг яхши таълим олишлари, жисмонан соғлом бўлиб вояга етишлари, уларни келгусида Ватанимиз учун сидқидилдан хизмат қилувчи комил инсон сифатида тарбиялашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли ҳисобланади.

Шу билан бирга, кексалар ўртасида спорт тадбирларини оммалаштиришга бўлган қадамлар нафақат кексаларни, балки ёш авлодни спорт тадбирлари, хусусан, соғлом турмуш тарзига жалб этиши, ҳудудларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш орқали, ижтимоий-маънанвий муҳит янада яхшиланишига хизмат қилиши, шубҳасиз.

Аҳмаджон Орипов, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Фарғона вилоят ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.