Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 32-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилди.
Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳасида оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш, оилавий ажримларни ва унга боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш, хотин-қизлар ҳамда фарзандларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш асосий вазифа этиб белгиланган.
Таклиф қилинаётган қонун лойиҳасида мулкдор билан доимий яшаётган аёллар фарзандлари билан биргаликда мулкдорнинг, агар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлсалар, ўзаро келишувга биноан, уй-жой мулкдорининг оила аъзоси сифатида тан олиниши назарда тутилмоқда. Бунинг натижасида Уй-жой кодексининг 32-моддаси биринчи қисмига асосан мулкдорнинг фарзандлари, турмуш ўртоғи ҳам оиланинг бошқа аъзолари билан биргаликда уй-жойдан мулкдор билан тенг фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлишига замин яратилади. Мазкур ўзгартиш хотин-қизларнинг никоҳдан ажралган ҳолларда мулкдорнинг уй-жойидан фойдаланиш, уй-жойга ўзининг фарзандларини ҳам кўчириб киритиш ҳуқуқини вужудга келтириш ва оилавий ажралишларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси барча сиёсий партияларнинг фракциялари ҳамда Экоҳаракат депутатлар гуруҳи йиғилишларида концептуал жиҳатдан кўриб чиқилганида депутатлар ўртасида баҳс-мунозарани келтириб чиқарди. Шу боис мазкур тадбирда қонун лойиҳаси юзасидан депутатлар, мутахассислар, экспертлар, олимлар ва жамоатчиликнинг таклиф-мулоҳазалари чуқур ўрганилди.
Конструктив руҳда ўтган тадбирда иштирокчилар томонидан қонун лойиҳасида белгиланаётган ҳар бир норма қизғин муҳокама қилинди ва унинг ҳуқуқий механизмини янада такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.