Гиёҳвандлик бу ҳақиқий манқуртлик! Бу шундай оғуки, унинг таъсирида инсон онги ва хулқида салбий ўзгаришлар содир бўлиб, ҳаёти дўзахга айланади. Киши бир бор гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилдими, тамом ўз-ўзидан унга тобе бўлиб қолади. Бу эса, шак-шубҳасиз, дўзах сари йўл демак. Буни англаб етмаган Ф.Б ана шундай гиёҳванд моддаларнинг қулига айланди. Бунга албатта унинг ишсизлиги, бирор бир касбнинг уддасидан чиқолмагани сабаб бўлган бўлса ажаб эмас.
Ф.Б, гиёҳвандлик воситасини сотиб олиш мақсадини кўзлаб, дастлабки тергов ва судда аниқлашни имкони бўлмаган “Ёдгор” исмли шахс билан олдиндан келишиб, 2023 йил 10 ноябрь куни Қўқон шаҳридан, ўзининг бошқарувидаги “Gentra” русумли, давлат рақам белгиси 40Y783DВ бўлган транспорт воситасида, онаси билан Фарғона шаҳрига йўлга чиқади. Шаҳарга етиб келганидан сўнг онасининг жиноий қилмишидан хабардор бўлиб қолишини олдини олиш мақсадида, уни Ал-Фарғоний кўчасида жойлашган “Само” номли спорт мажмуасининг олдида қолдириб, ўзи жиноий шериги “Ёдгор” исмли шахс билан учрашишга кетади. У Фарғона шаҳри Додҳоҳ кўчасида жойлашган, “Кирза” номли озиқ-овқат дўконининг ёнида Ёдгор билан учрашиб ёнида олиб келган 5000 АҚШ долларга соф оғирлиги 909 граммли «опий» гиёҳванд моддасини сотиб олади ва гиёҳвандлик воситасини қўлга киритиб, йўлдан онасини олиб, Қўқон шаҳрига йўлга чиқади.
Шу куни, ДХХ Фарғона вилоят бошқармаси тезкор бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида, “Фарғона-Қўқон” йўналишида ҳаракатланиб кетаётган, Ф.Б. бошқарувидаги “Gentra” русумли, давлат рақам белгиси 40Y783DВ бўлган транспорт воситаси Фарғона тумани, “Чекшўра” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги, маҳаллий номи “Саткак круг” деб номланувчи айланма йўлда тўхтатилиб, транспорт воситасини кўздан кечириш давомида, олд йўловчи ўриндиғи остидан яшил рангли целофан пакетга солинган, бир бўлакдан иборат, ёпишқоқ кўринишдаги, ўткир ҳидли, қора рангли гиёҳвандлик воситасига ўхшаш бўлган модда борлиги аниқланди.
Фарғона вилояти ИИБ ЭКБнинг 2023 йил 11 ноябрдаги 1330-сонли суд-кимёвий экспертизасининг хулосасига кўра, Ф.Бнинг транспорт воситасидан аниқланиб олинган яшил рангли целофан пакетга солинган, бир бўлакдан иборат, ёпишқоқ кўринишдаги, ўткир ҳидли, қора рангли, кўринишидан гиёҳвандлик воситасига ўхшаш бўлган модда таркибида фаол гиёҳванд моддалар, алкалоидлар мавжудлиги, ушбу модда “опий” деб аталиши, соф оғирлиги 909 граммни ташкил қилиши аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси наркотик моддаларни назорат қилиш давлат комиссиясининг 27.10.2018 йилги 878-сонли қарорининг 1-рўйхати, 127-тартиб рақамида “опий” моддаси Ўзбекистон Республикасида муомилада бўлиши тақиқланган гиёҳвандлик воситалари рўйхатига кириши, 2,0 грамм ва ундан ортиқ “опий” моддаси кўп миқдорни ташкил этиши кўрсатилган.
Вилоят наркология диспансерининг 2023 йил 13 январь кунги 842-сонли хулосасига кўра, судланувчи Ф.Б. “Опийли наркомания (кўкнори) қорадори касаллиги” билан оғриши, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 96-моддасини қўллаб, мажбурий даволанишга муҳтож эканлиги хулоса қилинган.
Судда у кўп йиллардан буён “опий” гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилиб келгани учун ўрганиб қолгани, ҳар икки соат давомида бир маротаба истеъмол қилиши, “опий” гиёҳвандлик воситасини салфетка қоғозга оз-оздан ўраб ютиш йўли билан ёки уни озгинасини тутатиб қўйиб чекиш йўли билан истеъмол қилиши, гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилса танасидаги оғриқлар йўқолиши, ошқозонининг 12 та жойида яра пайдо бўлганлиги сабабли, ички қон кўп кетиши, шу сабабли оғриқни қолдириш мақсадида гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилишга ўрганиб қолганини айтиб енгиллик беришларини сўрайди. Фарғона шаҳар жиноят суди Ф. Б.нинг ишини кўриб чиқиб ҳукм чиқарди.
Суд ҳукмига кўра у Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Бахтиёрбек Халилов, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди судья ёрдамчиси.