5-декабрь куни АҚШ элчиси Жонатан Ҳеник ва АҚШ Давлат департаментининг Халқаро хавфсизлик ва қуролларни тарқатмаслик бўйича бюроси ката маслаҳатчиси Жастин Фридман Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Атом барқарорлик учун” халқаро конференциясида иштирок этди. У ерда журналист Замира Болтаева элчи Ҳеник билан суҳбат уюштирди.
Савол: Ўзбекистонда атом электр станцияси (АЭС) қуриш режалаштирилган, аммо бизда атом реакторларини ишлатиш учун зарур бўлган тажриба ва сув захиралари йўқ. Америкада атом энергиясидан фойдаланиш яхши ривожланган. Сизнингча, Ўзбекистонда АЭС қуриш лойиҳаси қанчалик самарали бўлади? Сиз бу соҳада ҳамкорлик қилмоқчимисиз?
Жонатан Ҳеник: Америка Қўшма Штатлари ва бутун дунё бўйлаб кўплаб ҳамкорларимиз келажакни режалаштирар эканмиз, бизга турли-туман энергиядан фойдаланиш, масалан нафақат қайта тикланувчи, балки атом энергиясидан фойдаланиш ҳам муҳим. Албатта, бу борада Ўзбекистон ўз шерикларини танлаб олиши муҳим. Биз Ўзбекистонни технологияларни тадқиқ қилиш ва ишлаб чиқишда жуда эҳтиёткор бўлишга ҳамда хавфсизлик ва бошқа масалалар бўйича яхши тажрибага эга бўлган, энг яхши технология таклиф этувчи техник ҳамкорларни танлашга ундаган бўлардик. Мисол учун, Сиз ҳозир сув муаммосини эслатиб ўтдингиз, ёки турли хил СМР (кичик модули технологиялар) мавжуд бўлиб, уларнинг баъзилари кўп сув талаб қилади ва ҳоказо. Ўзбекистон бу масалада қандай қарорга келмасин, АҚШ Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан мамнун.
Биз аллақачон салоҳиятни ошириш, техник томондан тегишли экспертизани таклиф қилиш бўйича жуда жадал ҳамкорлик қилмоқдамиз ва умид қиламизки, келажакда Ўзбекистон АҚШ технологияларини жиддий кўриб чиқади ва шунга асосланиб, эҳтимол, шериклигимизни янада ривожлантиришимиз мумкин.
Савол: Трамп яқинда «Америка тарихидаги энг йирик депортация амалиётини» амалга оширишга ва иммиграция қонунчилиги устидан назоратни кучайтиришга ваъда берди. У ҳолда, Америкада чегарани ноқонуний кесиб ўтган ўзбеклар тақдири нима бўлади?
Жонатан Ҳеник: Мен ҳам бошқалар каби бизнинг маъмуриятимиз ва уларнинг сиёсати ҳақидаги янгиликларни кузатиб бормоқдаман. Айни пайтда мен ҳеч нарса эълон қила олмайман ёки янги маъмуриятнинг иммиграцияга нисбатан сиёсати қандай бўлиши ҳақида ҳеч қандай фикр билдира олмайман. Сиз таъкидлаганингиздек, АҚШда кўп сонли ўзбек-америкаликлар истиқомат қилади, уларнинг кўпчилиги асли Самарқанддан, аксари грин карта лотереяси дастури бўйича келган. Ҳозир Нью-Йорк ва бошқа шаҳарларда ўн минглаб ўзбеклар яшайди.
Ишончим комилки, ҳозирда АҚШда ўзбек муҳожирлар кўп, албатта, уларнинг аксарияти Америка фуқаролари, кўплари гринкарта эгалари. Ишонаманки, улар келгуси йилларда ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги муҳим кўприк, муҳим боғловчи восита бўлиб қолаверади.
Савол: Америка ҳукумати ҳар йили АҚШга тарихан иммиграция даражаси пастроқ бўлган мамлакатларнинг 50,000 фуқароларига виза беради. Грин кард лотереяси Самарқандда айниқса машҳур. Ҳукумат ўзгариши сабабли ушбу амалиёт бекор қилинадими? Виза бериш тартиб қоидалари кучайтириладими?
Жонатан Ҳеник: Аввал айтганимдек, кейинги маъмурият сиёсати қандайбўлишини ҳозирча эълон қила олмайман. Кутамиз ва кейин кўрамиз.
Савол: АҚШ элчиси сифатида келажакдаги ҳамкорлигингизни қандай кўрасиз? Ва қайси соҳаларни ўзингиз учун истиқболли деб биласиз? Нима учун?
Жонатан Ҳеник: Авваламбор, мен ҳаммани АҚШга ноқонуний равишда кўчиб ўтишга уринишдан қатъиян қайтарган бўлардим. Мен жанубий чегарамизни кесиб ўтишга уринаётган кўплаб Ўзбекистон фуқаролари борлигини биламан. Марказий Америкага бориш ва сўнг АҚШга саёҳатни кўзлаш ўта хавфлидир. Ҳатто чегарани кесиб ўтган бўлсангиз ҳам, Сиз АҚШда қолишингиз мумкинлигига ҳеч қандай кафолат йўқ. Сиз ҳозир янги маъмурият ушбу турдаги ноқонуний иммиграцияни тўхтатиш учун зарур чораларни кўриш ниятида эканлигини ҳам тилга олдингиз.
Бир йилдан кўпроқ вақт давомида айтаётганимиз каби, мен сизни ўқиётган ёки эшитаётган барчани Америка Қўшма Штатларига саёҳат қилиш учун фақат қонуний йўл излашга ва бу масалада ёрдам таклиф этаётган кимсаларга қулоқ солмасликка чақираман.
Савол: Сиз жамоатчилик билан алоқалар соҳасида самарали иш олиб бораётган дипломатсиз ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилмоқдасиз, кейинги ҳамкорлик қандай бўлади? Алмашув дастурлари сони кўпаядими?
Жонатан Ҳеник: Аввало, мен бу ерда қолиб, икки томонлама муносабатларимиз устида ишлаш учун кўпроқ вақт сарфламоқчиман. Ўйлайманки, биз аллақачон иқтисодий шерикчилигимизни чуқурлаштиришда катта муваффақиятларга эришдик. Биз бу ерга АҚШ сармоясини кўпроқ жалб қилмоқдамиз, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо ҳажмини оширмоқдамиз. Халқларимиз ўртасидаги муносабатлар ҳам тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бу ерга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ америкалик сайёҳлар келяпти. АҚШга эса кўпроқ ўзбеклар саёҳат қилмоқда, жумладан, бизда ҳозир Америка университетларидаги ўзбек талабалари сони энг кўп қайд этилди. Умид қиламанки, келгуси ойларда ва йилларда биз ўзаро алоқаларимиздаги бундай ўсишни давом эттирамиз.
Кўп йиллардан буён биз айниқса мустақил ОАВ, қолаверса давлатга қарашли оммавий ахборот воситалари ва бошқалар билан яқин ҳамкорликни давом эттирмоқдамиз. Бизнинг мақсадимиз бу ердаги медиа муҳитини қўллаб-қувватлаш, журналистлар салоҳиятини ошириш, уларга имконият яратиш, америкалик ҳамкасблари билан мулоқот қилишда кўмаклашишдан иборат. Мана, Сиз ҳам ўша дастурлардан бири, CАМEХ дастурида иштирок этганингизни биламан. Бизда IVLP дастури бор, ёки Эдвард Мурроу дастури мавжуд. “Америка Овози” томонидан ҳам Ўзбекистонда журналистларга тренинглар ўтказиляпти, шунингдек, АҚШда амалиёт ўташ учун дастурларимиз бор. Келгуси ойларда мустақил ОАВлар учун қўшимча имкониятлар яратиш устида ишлашни давом эттирмоқчимиз.