Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг «Ат-Термизий» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи М.Т.нинг табиий газ тармоғидан огоҳлантиришсиз узиб қўйилгани ҳолати юзасидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ягона ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Ўрганишда маълум бўлишича, хонадонга замонавий русумдаги газ ҳисоблагич ускунаси ўрнатилган бўлиб, ўз-ўзидан тармоқдан узилиб қолган. Ушбу ҳолат юзасидан шаҳар газ таъминоти идорасига киритилган сўровга маълум қилинишича, узилишга газ ҳисоблагич ускунасида юзага келган носозлик сабаб бўлган.
Газ идора мутахассислари томонидан ҳисоблагич назоратдан ўтказилиши жараёнида унинг қувватлагичи ва сим картаси алмаштириб берилиб, ҳисоблагич ва оператор ўртасидаги алоқа тикланган. Шунингдек ҳисоблагичга ҳимоя қутиси ўрнатилиб, хонадон газ тармоғига уланган.