Хориждаги бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар очиқ эълон қилинади

Президентнинг 17.10.2024 йилдаги «Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-367-сонли қарори қабул қилинди.

Фуқароларнинг хорижда вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланиш имкониятларини кенгайтириш ва уларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш мақсадида 2024 йил 1 ноябрдан:

  • хорижий иш берувчилар таклиф қилаётган иш ўринлари тўғрисидаги барча маълумотлар Миграция агентлигининг электрон платформасида, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда очиқ эълон қилинади;

  • агентликнинг электрон платформасида фуқаролар ўз резюмеларини тузиши ва жойлаштириши ҳамда эълон қилинган иш ўринлари бўйича танловларда иштирок этиши мумкин;

  • вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ривожланган мамлакатларга ташкил этилган тартибда чиқиб кетаётган фуқароларга тижорат банклари томонидан Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз пунктга юқори ставкада икки йил муддатга 10 млн сўмгача микрокредитлар ажратилади;

  • агентликнинг ҳудудий филиаллари томонидан фуқароларнинг хорижда ишга жойлашиши, жумладан иш визасини расмийлаштириш билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича бепул консалтинг хизматлари кўрсатилади.

2024 йил 1 декабрдан Миграция агентлиги таълим ташкилотларига хорижда ишлашни истаган фуқароларни касбларга ва хорижий тилларга ўқитиш бўйича буюртмалар жойлаштиради.

Халқаро эътироф этилган таълим дастурлари бўйича касбга ўқитиш учун Таълим кредитларини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан таълим кредитлари ажратилади.

Профессионал таълим муассасалари ва касбий кўникмалар марказларида фаолият юритаётган хорижий тиллар ўқитувчиларининг рейтинги тузилади. Бунда инглиз, корейс, немис ва япон тиллари бўйича камида В1 ёки унга тенглаштирилган даражадаги халқаро сертификат олган битирувчилари энг кўп бўлган 50 нафар ўқитувчига Жамғарма ҳисобидан 50 млн сўмдан субсидия тўланади.

Хусусий бандлик агентликлари хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишни истаган фуқароларни касбларга ва хорижий тилларга ўқитиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш, шунингдек бу жараёнга хорижий ҳамкор иш берувчиларни жалб қилиш ҳуқуқига эга.

Бундан ташқари, касбга ўқитиш муассасалари (рўйхат бўйича) молиялаштиришнинг амалдаги тартибини сақлаган ҳолда Агентлик тасарруфига ўтказилади ва улар негизида фуқароларни (ёшларни) хорижий тилларга ўқитиш ва уларни хорижий давлатларда ишлашга мақсадли тайёрлаш маркази филиаллари ташкил этилади.

Шунингдек, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишни истаган фуқароларни кейинчалик ўқитиш учун касбга ўқитиш муассасалари (рўйхат бўйича) Агентликка бириктирилади.

2024 йил 1 декабрдан:

  • хусусий бандлик агентликлари лицензия олиши учун захира маблағлари миқдори БҲМнинг 8 500 бараваридан 4 000 бараваригача  камайтирилади;

  • хусусий бандлик агентликлари захира маблағларини Агентликнинг розилигисиз фойдаланмаслик шарти билан тижорат банкларининг депозитларига жойлаштириши ва ушбу депозитлардан олинадиган фоиз даромадларини эркин тасарруф этиши мумкин;

  • агентлик томонидан хорижий иш берувчилар ва рекрутинг ташкилотларидан фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш бўйича олинган таклифлар очиқ танлов орқали хусусий бандлик агентликлари ўртасида тақсимланади.

Агентликнинг фуқароларни ташкил этилган ҳолда танлаб олиш, хорижга ишга жўнатиш ва ишга жойлаштириш билан боғлиқ функциялари 2026 йил 1 январга қадар босқичма-босқич хусусий бандлик агентликларига ўтказилади.

Фуқароларимизнинг хорижда меҳнат фаолиятини яхшилаш учун хорижий давлатлардаги Ўзбекистон дипломатик муассасаларига қўшимча вазифалар юкланди:

  • хорижий давлатларнинг ваколатли органлари ва иш берувчилари билан ҳамкорлик ўрнатиш, уларнинг малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжи асосида ўқув курсларини ташкил этишда Агентликка кўмаклашиш;

  • Ўзбекистоннинг миграция бўйича халқаро дастурларда иштирокини таъминлаш, хорижий давлатлар визасини олиш билан боғлиқ тартиб-таомилларни соддалаштиришга қаратилган ҳукуматлараро ва идоралараро битимлар тузиш.

Ҳужжат билан:

  • 2024-2026 йилларда хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишни истаган фуқароларни қўллаб-қувватлаш дастури;

  • 2024-2026 йилларда ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Ҳужжат қонун ҳужжатлари миллий базасида эълон қилинган ва 2024 йил 24 октябрдан кучга кирди.