Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг «Тўғонбоши» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Т.М.нинг 5 000 000 сўмга харид қилган кир ювиш машинасида кафолат муддати ичида нуқсон келиб чиққанлиги ва сервис маркази томонидан мазкур нуқсонни бартараф этиб бериш ишлари пайсалга солиб келинаётганлиги хусусида Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ягона ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Ўрганишда маълум бўлишича, «Premier» русумида бўлган кир ювиш машинасида шаҳарда савдо фаолиятини олиб бораётган якка тартибдаги тадбиркор Аминов Отабекка қарашли савдо дўконидан сотиб олинган. Шаҳар жамияти мутахассислари мазкур русумдаги техникаларга сервис хизматларини кўрсатувчи марказ масъуллари билан боғланиб, юзага келган ҳолат бўйича изох сўралганда, шохобчада ходимлар алмашуви, шохобча фаолиятини тугатилиб қайтадан ташкилланиши билан боғлиқ ҳолатлар натижасида истеъмолчи Т.М. томонидан топширилган техникага сервис хизмати кўрсатиш ишлари чўзилганлигини сабаб қилиб кўрсатиб, нуқсонни тезкорликда бартараф қилиш чоралари кўрилишини маълум қилдилар.
Сервис маркази томонидан кўрикдан ўтказилган кир ювиш машинаси ундаги нуқсон сув насоси билан боғлиқлигини аниқлади ҳамда уни буюртма бериш воситасида келтирилиб, маиший техникадаги нуқсон бартараф этилди ва истеъмолчига соз ҳолатда топширилди.