Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш 2026 йилнинг июлида ўтказилиши режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш 2026 йилнинг 15 июлидан 21 августига қадар ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақдаги тегишли фармон лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинди.

Фармон лойиҳасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика ва ҳудудий комиссиялар ташкил этилиши кўзда тутилган. Республика комиссиясининг асосий вазифалари ҳам белгиланган. Булар: 

  • аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

  • аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ишлар жараёнларининг мувофиқлаштирилиши ва мониторингини амалга ошириш;

  • аҳолини рўйхатга олиш натижаларининг таҳлилини ўтказиш;

  • аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни молиялаштириш, аҳолини рўйхатга олиш материалларига ишлов беришни ташкил этиш ва унинг якуний натижаларини эълон қилиш масалаларига доир таклифларни кўриб чиқиш;

  • аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда иштирок этиш учун жисмоний ва юридик шахсларни уларнинг ишига ҳақ тўлаш масалаларини ҳал қилган ҳолда жалб этишни ташкил этиш;

  • халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишни амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Статистика агентлиги аҳолини рўйхатга олишни планшет қурилмалари ёрдамида ўтказиш учун 2024–2026 йилларда зарур техник ва дастурий воситаларни харид қилади.

Аҳолини рўйхатга олишда “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонун ҳамда шу соҳага оид бошқа қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя этилади ва респондентлардан олинган маълумотлар сир сақланади.

Кадастр агентлиги 2025 йил 1 июлга қадар аҳоли пунктлари ва кўчалар ном белгиларини ўрнатиш, хонадон ва уйларни тўлиқ рақамлаш ишларини якунига етказади. 

Олий Мажлис палаталарига 2025 йил 1 сентябрдан 2026 йил 1 сентябрга қадар республика бўйлаб маъмурий-ҳудудий бирликларнинг чегараларини ўзгартириш, топономик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш ишларини вақтинча тўхтатиб туриш тавсия этилди.