Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг «Тарона» кўчасида яшовчи Э.А.нинг «Uzum nasiya» иловаси ёрдамида харид қилинган уй жихозлари учун тўловнинг банк пластик картасидан 2 200 000 сўмдан икки марта ечиб олиниб, тўланган тўловларда фақат бир мартаси акс этганлиги ва ушбу ортиқча ечиб олинган маблағни қайтариб олишда қийинчиликка дуч келаётганлиги хусусидаги мурожаати ўрганилди.
Маълум бўлишича, истеъмолчи «Атлас» супермаркетидан жами 3 та шартнома асосида юқоридаги онлайн илова воситасида уй жихозлари харид қилган. Иш жойидан ойлик маоши пластик картасига тушган вақтда юқоридаги шартномалар асосида 483 240 сўм, 1 002 564 сўм ва 738 240 сўм, жами 2 224 044 сўм маблағ автоматик равишда ечиб олинади. Лекин негадир маблағ икки марта, яъни икки ойлик ечиб олиниб, тўловлар фақат бир ой учунгина амалга оширилганлиги қайд қилинганлигини кўрган истеъмолчи онлайн илова операторлари билан боғланиб, ортиқча ечилган маблағни қайтариб берилиши бўйича саъй-ҳаракатларни амалга оширади. Ушбу ҳаракатлари самара беравермагач Федерациянинг Фарғона шаҳар жамиятига ёзма равишда мурожаат қилади.
Масалага шаҳар жамияти мутахассислари аралашуви тездагина ўзининг ижобий самарасини кўрсатди ва истеъмолчидан ортиқча ечилган маблағ суммаси унинг банк пластик картасига қайтарилди.