Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Қува тумани «Мозортаги» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи В.Ф.нинг автосалон томонидан етказиб берилаётган автомашинадаги нуқсонлар юзасидан қилинган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчига кўра, унга Фарғона шаҳридаги «Fegana motors» МЧЖ билан 2023 йилнинг 25 декабрида имзоланган шартномага асосан қиймати 146 757 000 сўм бўлган COBALT GX-STYLE AT PLUS русумли (ранги Summit white) автомашинаси етиб келганлиги тўғрисида маълум қилишгач уни қабул қилиб олиш учун автосалонга ташриф буюрганида, автомобилни қабул қилиб олишдан олдин кўздан кечириб, бир қатор нуқсонлари мавжудлигини аниқлаган. Хусусан, автомашина эшиклари орасидаги бўшлиқ (зазор)лар мавжудлиги, айрим жойларида бўёқлари кўчган қисмлари борлиги, ойна резиналарини нотекис ўрнатилганлиги каби нуқсонларни кўриб автомашинани қабул қилишдан бош тортган ҳамда унга мақбул сифатдаги автомашина етказиб берилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.
«Истеъмолчи шартнома тузиш йўли билан товарни (иш хизмат)ни эркин сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу шартномага кўра сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) истеъмолчига муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш) мажбуриятини, истеъмолчи эса, шартлашилган пулни тўлаш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар.»
(«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун 8-моддасидан)
Фарғона шаҳар жамияти мутахассислари мурожаат асосида ўрганиш ишлари ҳамда масъулларга қонунчилик тарғиботини олиб боришлари жараёнида мазкур автомашина билдирилган эътирозларнинг ўринли эканлиги исботини топиб, нуқсонлари мавжуд автомашина худди шу русумдаги мақбул сифатдагисига алмаштириб берилишига эришилди.