Фарғонада ёшларга фактчекинг асослари бўйича билимлар бериш мақсадида семинар-тренинг ташкилланди

Фарғона шаҳридаги 1-умумий ўрта таълим мактабининг юқори синф ўқувчилари иштирокида бўлиб ўтган семинар-тренинг ўқувчи ёшларга фактчекинг асослари бўйича билимлар беришга қаратилди. Тадбир тренер Тимур Юлдашев томонидан ўтказилди.

Тадбирда иштирокчиларга интернетдан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига амал қилишнинг аҳамияти, интернет тармоғида содир бўлган фирибгарлик ҳолатлари мисоллар тарзида тушунтириб ўтилди. Улар билан кундалик ҳаётда ўзлари ёки танишларини бундай ҳолатларга дуч келган ёки келмаганликлари бўйича савол-жавоблар ўтказилди.

Тадбир давомида мавзунинг долзарблиги, кибержиноятларнинг ҳар бир инсонга, оилага, бутун жамиятга кўрсатадиган салбий таъсири, етказадиган моддий ва маънавий зарарларидан келиб чиққан ҳолда, бу каби иллатларга қарши курашишда ҳар бир фуқаронинг ўрни борасида ҳам фикрлар билдириб ўтилди.

“Нуқтаи назар” газетаси бош муҳаррири ҳамда фактчекерлар жамоаси аъзоси Тимур Юлдашев ўқувчи ёшларнинг мавзуга оид саволлари ҳамда билдирган фикр мулоҳазаларига жавобан Ўзбекистонда фактчекинг бўйича алоҳида сайт фаолият олиб бораётганлигини, ушбу сайт factchecknet.uz номи остида ишга туширилганлиги, фактчекерлар жамоаси интернетдаги сайтлар ва ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ахборотларни текшириб бориш, аҳолига дезинформациясиз, сифатли медиа тарқатилиши учун курашиш каби мақсадларни ўз олдига қўйганлигини айтиб ўтиб, сайт ва унинг имкониятларини тадбир иштирокчиларига таништириб ўтди.

Қизиқарли савол-жавоблар ва фикр-мулоҳазаларга бой тарзда ўтган тадбир давомида фаол қатнашган ўқувчиларга унинг якунида эсдалик совғалар ҳам топширилди.