Ҳаммамизга маълумки, трансмиллий жиноятчиликнинг энг хавфли кўринишларидан бири бу – гиёҳванд моддалар билан савдо қилиш (наркобизнес) жиноятидир. Наркобизнес учун дунё аҳолисининг озиқ-овқат, кийим-кечак, турар-жойга сарфлаётган ҳаражатларидан кўпроқ ҳаражат қилинади.
Наркомания – юнонча “narcosis” уйқу, карахтлик ва “mania” телбаликка мойиллик (ўрганиш) деган маънони англатади. Яъни, гиёҳвандлик – инсон организмитаркибида наркотик моддалар бўлган морфин, наша, кокоин, героин, кодеин, веронал, опий, гашиш ёки янги кашф этилган синтетик наркотик ёки психотроп моддаларга ўрганиб қолишидир.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда 500 миллиондан ортиқ одам гиёҳвандлик дардига йўлиққан бўлиб, уларнинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Бунинг оқибатида ҳар йили 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмади. Шу билан бирга, дунёда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади.
Республикамиз мустақилликка эришганидан сўнг гиёҳвандликка қарши кураш кучайди, унинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги асосий танлаган йўли трансмиллий уюшган жиноий гуруҳлар томонидан наркотик воситаларни контрабанда қилиш учун республика ҳудудидан фойдаланишининг олдини олиш, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи устидан қатъий назорат ўрнатиш, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш самарадорлигини таъминлаш, гиёҳвандликка чалинган беморларга кафолатли тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, бу соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.
Ўзбекистон Республикасининг “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, гиёҳвандликка чалинган беморларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилиши, бу иллатга қарши профилактикани кучайтириш, давлат ва жамият ташкилотларининг гиёҳвандликка қарши курашиш мажбуриятини бегилаш қайд этилиб, наркотик моддаларни тарғиб қилиш таъқиқланди.
Маълумки, гиёҳвандликнинг ижтимоий хавфлилик томонларини етарли баҳолай олмаслик, бу муаммони кенг жамоатчиликни жалб қилмасдан алоҳида, асосан ҳуқуқий чоралар билан ҳал қилишга уриниш муваффақиятга олиб келмайди. Шу ўринда гиёҳвандликнинг тарқалишига қарши кураш, гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилувчиларни аниқлаш, бундай жиноятларни фош этиш билан бирга, унинг ташкилотчилари, бундай воситаларни тайёрловчилар ва тарқатиш билан шуғулланувчиларни аниқлашда кенг жамоатчиликнинг ўрни катта.
Мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари трансмиллий наркогуруҳларни фош этиш ва фаолиятига чек қўйиш, контрабанда каналларини аниқлаш, гиёҳвандлик экинларини йўқ қилиш бўйича махсус операцияларни ўтказиб келмоқда. Хусусан, мунтазам ўтказиб келинаётган “Қорадори” операциялари давомида таркибида наркотик моддалар бўлган ўсимликларни ғайриқонуний равишда етиштириш, сақлаш ва шу каби ҳолатлар аниқланиб, гиёҳвандлик воситаларини етиштириш, сақлаш ва ўтказиш жиноятини содир этган шахсларга нисбатан қатъий жазо чоралари қўлланилмоқда.
Маъруф Мадаминов