Истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатларни ўрганиш натижалари юзасидан брифинг ўтказилди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Фарғона вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган медиа тадбирлар режаси асосида Фарғона шаҳридаги “ННТлар уйи”да “Тизим ташкилотларида 2023 йил давомида истеъмолчиларнинг мурожаатлари билан ишлаш натижалари” мавзусида брифинг ўтказди. Тадбирда ҳудудий бирлашма тизимидаги ташкилотлар масъул ходимлари, вилоятдаги ННТлар, оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда таъкидландики, тизим ташкилотларига ўтган 2023 йилда истеъмолчилардан 866 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларни ўрганиш натижаларига кўра 2 млрд 077 млн 914 минг 962 сўм маблағларни истеъмолчиларнинг фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилишга эришилган. Мурожаатларнинг 649 таси тизим ташкилотларига тўғридан-тўғри ёзма, оғзаки ва электрон шаклларда келиб тушган бўлса, 199 таси Федерация марказий аппаратидан, 18 та мурожаат эса Ҳукумат идораларидан юборилган. Мурожаатларнинг 33.5 % и савдо соҳасига тўғри келган ва 2022 йилнинг мос даврига нисбатан олинганда уларнинг ҳажми 1,4 баробарга ошган. Савдо соҳасига оид мурожаатларда энг юқори салмоқ (44,8 %) маиший техника буюмлари хариди ва улардаги нуқсонлар билан боғлиқ бўлган мурожаатларга тўғри келган.

Шунингдек, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан олинганда коммунал хўжалик (ширкатлар) масалаларидаги мурожаатлар сони 2,5 баробарга, сув таъминоти масалаларида 1,6 баробарга, хизмат кўрсатиш (сервис) масалаларидаги мурожаатлар 1,3 баробарга, электр таъминоти масалаларидаги мурожаатлар 1,2 баробарга ўсган.

Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати.