Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига етказилган зарар учун чоралар кучайтирилмоқда

Вазирлар Маҳкамасининг 07.12.2023 йилдаги «Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этилмаганлиги учун ҳуқуқий таъсир чоралари кучайтирилиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг «Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида» 2014 йил 20 октябрдаги 290-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги 649-сон қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ўсимликларга етказилган зарар миқдорини ҳисоблаш учун коэффициент 5 бараварга оширилиб, қуйидаги миқдорларда белгиланмоқда (битта ўсимлик учун):

  • йўқолиб кетаётган ўсимлик учун – БҲМнинг 10 баравари;

  • камёб ўсимлик учун – БҲМнинг 4 баравари;

  • камаяётган ўсимлик учун – БҲМнинг 2,5 баравари.

Шунингдек ҳайвонларга етказилган зарар учун ундирувлар 10 бараварга оширилмоқда. Мисол учун, эндиликда битта қоплонни йўқ қилганлик учун Ўзбекистон фуқароларидан БҲМнинг 3000 баравари миқдорда, чет эл фуқаролари ва юридик шахслардан $400 000 миқдордаги сумма ундирилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.12.2023 йилдан кучга кирди.