Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг «Оролбўйи» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи М. Н. (аёл)нинг дўкондан аёл қудасига совға учун кўйлак харид қилгани, лекин қудага размери бироз мос келмаганидан сўнг кўйлакни дўкондан алмаштириб ололмаётганлиги хусусидаги мурожаати ўрганилди.
Фуқаро мурожаатида билдиришича, шаҳар марказидаги аёллар либослари билан савдо қилувчи дўкондан 1 100 000 сўмга совға қилиш мақсадида харид қилган кўйлакнинг размери қудасига мос келмагач, дўконга қайтариб олиб боради ва сотувчига «Мос келмаса алмаштириб бераверамиз», деган ваъдасини эслатади. Сотувчи худди шу русум(фасон)даги кўйлакнинг истеъмолчи сўраган размеридан қолмаганини айтгач эса, у ҳолда пули қайтарилишини сўрайди. Лекин сотувчи томонидан товар қайтариб олиниб, пул истеъмолчига қайтарилиши рад қилинади. Шундан сўнг фуқаро юзага келган муаммога ечим излаб шаҳар жамиятига ташриф буюради.
Шу ўринда, бундай ҳолат амалдаги «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасидаги нормалар билан тартибга солинишини, унга кўра истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли эканлигини эслатиб ўтишимиз жоиздир. Фақатгина бунда товарни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тасдиқлаган қоидалардаги алмаштириб берилмайдиган товарлар рўйхатида бўлмаслиги талаб қилинади.
Мурожаатни ўрганиш доирасида қонуннинг юқоридаги талаблари юзасидан сотувчи билан тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилгач, истеъмолчидан размери мос келмаган кўйлак қайтариб олиниб, унга 1 100 000 сўм пул маблағи қайтариб берилишига эришилди.
Муҳаммадазиз Исақов, шаҳар жамияти бош мутахассиси.