Ушбу санага бағишлаб ҳудудий бирлашма томонидан Фарғона политехника институтида ташкилланган тадбирда институт ўқитувчи ва ўқувчилари, Федерация тизимида ишловчи ходимлар, ҳудудий бирлашманинг доимий ҳамкорларидан бўлган Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Фарғона вилоят бўлими ҳамда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси масъул ходимлари иштирок этдилар.
Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларини ҳамда Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 75-сон қарори 2003 йилнинг 13 февралида қабул қилинган бўлиб, мазкур қарорнинг 1-иловаси билан “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”, 2-иловаси билан эса “Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидалари” тасдиқланган.
Ушбу қарорни қабул қилинишида эса Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасидаги норма, яъни олди-сотди шартномаларининг айрим турлари тўғрисидаги қоидалар, шунингдек, айрим турдаги товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тасдиқланиши тўғрисидаги норма дастуриламал бўлиб хизмат қилган.
Қарорнинг 1-иловаси билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари” 19-бўлим ва 190 та банддан иборат. Юртимизда мазкур Қоидалар билан чакана савдо фаолияти тартибга солинади.
Кейинги йилларда киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар натижасида унга қўшилган “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ва бошқа буюмларнинг воситачилик савдосининг хусусиятлари”, “Тармоқли маркетинг йўли билан чакана савдо қилиш хусусиятлари”, “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ва бошқа буюмлар савдосини интернет-дўконлар орқали амалга ошириш хусусиятлари”, “Савдо автоматидан фойдаланган ҳолда чакана савдо қилиш хусусиятлари” каби 4 та прим бўлимлар билан қоидалардаги бўлимлар сони 23 тага етган.
“Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 2 та иловаси бор:
– Зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхати (1-илова);
– Харидорнинг таъмирлаш даврида унга текин бериб туриш ёки худди шундай марка (модель, артикул)даги товарни алмаштириш тўғрисидаги талаби татбиқ этилмайдиган узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар рўйхати (2-илова).
Улар билан эса “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддаси (Истеъмолчининг мақбул сифатли товарни алмаштириб олиш ҳуқуқи) ҳамда 15-моддасида (Товар нуқсонларини бепул бартараф этиш тартиби) кўзда тутилган нормаларни амалга ошириш борасидаги масалалар ҳал этилади.
75-сонли қарорнинг 2-иловаси билан эса, мулкчилик шаклларидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида умумий овқатланиш соҳасидаги барча хўжалик юритувчи субъектлар ишларига асосий талабларни тартибга солувчи “Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидалари” тасдиқланган. Қоидалар 3 та бўлим ва 27 та банддан иборат.
Маълумот учун:
Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси тизимига 2022 йил давомида фуқаро (истеъмолчи)лардан келиб тушган 840 та мурожаатларнинг 24,3 фоизи ҳамда республика бўйича Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси тизимига келиб тушган 13522 та мурожаатларнинг 49,7 фоизи айнан савдо масалаларида келиб тушган.