Ҳудудларни иқтисодий ривожлантириш маркази Фарғона вилоят бўлими ташкил топганига ҳеч қанча вақт бўлмаган бўлсада, ташкилот шу давр ичида 3 та жиддий лойиҳаларни амалга оширишга эришди. Ўтган йилда амалга оширилган «Имконият», жорий йил давомида амалга ошириб келинаётган «Терини қайта ишлаш ҳамда ундан турли аксессуарлар тайёрлаш ҳунарини ёшларга ўргатиш» ҳамда «Янги старт» лойиҳалари шулар жумласидандир.
Биргина Халқ депутатлари вилоят кенгаши ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошка институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағлари ҳисобига молиялаштирилган «Терини кайта ишлаш ундан турли аксессуарлар тайёрлаш хунарини ёшларга ургатиш» лойиҳасини олайлик. Мазкур лойиҳа унинг доирасида 30 млн. сўм грант маблағлари ҳамда 30 млн. сўм шахсий улуш ҳисобидан шакллантирилган маблағлар эвазига ускуна, дастгоҳлар сотиб олинган ҳамда хом-ашё айланмаси учун маблағлар ажратилган. Натижада ташкилот қошида ташкил этилган ўкув ишлаб чиқариш цехида ҳозирга қадар 15 нафар ўкувчи шогирдлар ўқитилиб, уларнинг 5 нафари бугунги кунда мустақил ҳунармандчилик фаолиятини ташкил қилиб, тери маҳсулотларидан турли харидоргир буюмлар тайёрлаш ишини бошлаб юборишган бўлса, уларнинг 10 нафари мазкур устахонанинг ўзида фаолият юритишмокда.
Ташкилотни институционал жиҳатдан ривожланиши йўналиши бўйича Евроосиё фонди томонидан молиялаштирилган «Янги старт» лойиҳаси эса ННТни янги босқичга олиб чиқиб, кескин ривожланишга олиб келди. Лойиҳани амалиётга тадбиқ қилиниши билан фаолиятни самарали ташкил этиш учун етарлича моддий-техник база шакллантирилди, 6 нафар малакали ходимлардан иборат жамоаси вужудга келди.
Бугунги кунда ташкилот ходимларининг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини янада ошириш устида мунтазам ишлар олиб борилмоқда. Бу эса улар томонидан янги-янги ғоялар асосида ижтимоий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни ишлаб чиқилишига ва амалиётга кенг жорий қилинишига олиб келиши шубҳасиз.