Ҳайдовчилик гувоҳномаси ва «техпаспорт»ни алмаштириш муддати 1 йилга узайтирилди

Ҳукуматнинг 12 апрелдаги [178-сон] қарори билан «Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Унга кўра, эски намунадаги барча миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ва автомототранспортни рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни мажбурий алмаштириш муддати қуйидагича узайтирилди:

  • 2010 йилгача бўлган даврда берилганлари — 2023 йил 31 мартгача;

  • 2010−2012 йилларда берилганлари — 2023 йил 30 июнгача;

  • 2013−2015 йилларда берилганлари — 2023 йил 30 сентябргача;

  • 2015 йилдан кейин берилганлари — 2023 йил 31 декабргача.

Юқоридаги муддатларгача алмаштирилмаган гувоҳномалар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг ноябрида ҳам ҳукумат қарори билан эски ҳайдовчилик гувоҳномалари ва рўйхатга олиш гувоҳномаларини янгисига алмаштириш муддати узайтирилганди.