«Фарҳод деҳқон бозори» директори ва унинг хавфсизлик бўйича ўринбосари фуқародан қонунга зид равишда пул талаб қилгани учун қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати маълум қилди.
5 апрель куни «Фарҳод деҳқон бозори»да тадбиркорлик қилувчи фуқаро ИИББга уни бозор директори ва унинг хавфсизлик бўйича ўринбосари, «Элга хизмат» ва «Арзонлаштирилган савдо ярмаркалари» савдо нуқталари учун тўлов қилишга мажбурлаганини айтган ва уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Келтирилишича, бунда мазкур савдо нуқталаридан тўлов олинмаслиги ҳақида 2021 йил 19 февралдаги 203-сонли қарорга зид равишда ҳаракат қилинган.
Фуқаро арзига кўра, уни бозордан чиқариб юбориш билан қўрқитиб, 2021 йил cентябр ойидан буён ҳар 10 кунлик савдо фаолияти учун 660 минг сўмдан пул маблағларини кассир орқали олиб келаётганликларини айтган, ҳозирда эса охирги 2 ой учун 3,4 млн сўм тўлашни ноқонуний равишда талаб қилган.
Мазкур аризага асосан, шу куни Тошкент шаҳар ИИББ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда ДХХ тезкор тадбир ўтказди.
Аниқланишича, «Халқ банки» Учтепа филиалининг мазкур бозорга хизмат кўрсатувчи кассири, хизмат хонасида ариза муаллифидан 3,4 млн сўм олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, унинг ёнидан кунлик тушумдан инкассация қилинган 8,3 млн сўм ва инкассация қилинмаган 9,15 млн сўм пул маблағлари топилган.
Тезкор тадбир давомида бозор директори ҳамда унинг хавфсизлик бўйича ўринбосари ушланди, унинг «Жентра» русумли автомашинасидан қарийб 25 млн сўм пули борлиги маълум бўлди.
6 апрель куни ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатди. 2 шахс ЖПКнинг 224-моддаси тартибида ушланди. Тергов давом этмоқда.