Фуқаролар томонидан банкларга тақдим этиладиган тўлов ҳужжатларини расмийлаштиришга қўйиладиган талабларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритилган эди, дея хабар берди Марказий Банк матбуот хизмати.
Ушбу ўзгартиришларни 9 апрелга қадар босқичма-босқич, ундан сўнг тўлиқ татбиқ этилиши режалаштирилган.
Мазкур ўзгартиришлар амалиётга жорий қилингандан кейин барча тўлов ҳужжатларида тўловчи — жисмоний шахсларнинг СТИРи (солиқ тўловчининг идентификация рақами) ўрнига, тўлов ҳужжатининг «тўловчининг идентификация рақами» деб номланган реквизитида уларнинг ЖШШИРини (жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами) кўрсатиши мажбурий ҳисобланади.
Шу сабабли, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар (шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар) тўловни амалга ошириш мақсадида тўлов ҳужжатларини расмийлаштираётганда ўзларининг ЖШШИРларини тўғри ва тўлиқ киритишлари керак.
Шунингдек, барча хўжалик юритувчи субъектлар ҳам тўлов талабномалари ва инкассо топшириқномаларини расмийлаштиришда контрагентлар — жисмоний шахсларнинг ЖШШИРлари тўғри киритилаётганига эътиборли бўлишлари лозим.
Маълумот учун, ЖШШИР фуқаролик паспортида кўрсатилган бўлиб, у пастки қаторда жойлашган ва 14 та рақамдан иборат.