Вазирлар Маҳкамасининг 26.03.2022 йилдаги «2022 йилда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 140-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат Президентнинг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 22 октябрдаги ПҚ-5263-сон қарорига мувофиқ қабул қилинди.
Қарор билан қуйидаги соҳалардаги қонунчиликни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш режаси тасдиқланди:
ижтимоий таъминот, суғурта ва ҳимоя;
молия, кредит ва банк фаолияти;
тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти;
ташқи иқтисодий фаолият ва божхона иши.
Масъул давлат органлари ва ташкилотларига норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш жараёнида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда мустақил экспертлар ва кенг жамоатчиликни фаол жалб қилиш чораларини кўриб бориш топширилган.
Адлия вазирлигига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш жараёнига кенг жамоатчиликни жалб қилиш учун зарур имкониятларни яратиш чоралари топширилган.
Қарор билан 2021 йилда амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш натижасида аниқланган коррупциявий омилларни бартараф этиш бўйича “йўл харитаси” ҳам тасдиқланган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.03.2022 йилдан кучга кирди.