Фото: Сенат матбуот хизмати

Давлат органлари 2021 йилда кўпинча давлат харидлари бўйича маълумотларни очиқламаган

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Сенатнинг 24 ялпи мажлисида сенаторлар олдида давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берган эди.

Унинг маълумотларига кўра, 135 та давлат орган ва ташкилотларидан 80 таси (60%) 2021 йилнинг IV чораги бўйича давлат харидлари тўғрисидаги маълумотларни белгиланган ресурсларга жойлаштирмаган. 88 та давлат органи ва ташкилоти томонидан хизмат сафарлари ва хорижий давлатлардан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари бўйича ҳисоботлар ўз вақтида очиқламаган.

Давлат харидлари билан боғлиқ маълумотлар, харажатлар сметаси ва унинг ижроси, хизмат сафарлари ва хорижий давлатлардан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари, лицензия ва рухсат этиш учун масъуллар тўғрисида маълумот, енгил автомобиллар, хизмат уйлари ҳамда бошқа зарур маълумотларни жамоатчиликка тўлақонли эълон қилинмаяпти. Республикадаги 204 та туман ва шаҳар ҳокимликларининг 43 тасида расмий веб-сайт ишламайди.

 Хабарда шунингдек, давлат органлари ишида кузатилган камчиликларга тўхталиб ўтилган:

— Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини бериш бўйича очиқ танлов ғолиблари тўғрисидаги маълумотлар вазирлик сайтида эълон қилинмаган;

— Маданий мерос агентлиги томонидан давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектлари ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун берилган рухсатнома эгалари тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ эълон қилинмаган;

— Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан ов қилиш ва овчилик хўжаликлари тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан ов қилиш тақиқланган жойлар, муайян ов қилиш жойларида ов қилиш учун тақиқ белгиланганлиги тўғрисидаги маълумотлар доимий янгилаб борилмагани жамоатчиликнинг катта эътирозига сабаб бўлган;

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда уларнинг давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигига оид фикр-мулоҳазалари ўрганилмаган. Аҳолини ташвишга солаётган долзарб муаммоларни қонуний ҳал қилиш мақсадида «Mening fikrim» веб-портали орқали муҳокама қилиш ишлари амалга оширилмаган.

Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш борасидаги ишлар етарли даражада мувофиқлаштирилмаганлиги оқибатида улар томонидан тегишли маълумотлар очиқ маълумотлар портали (data.egov.uz) ва ўз расмий веб-сайтларга жойлаштирилмаган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига ҳар йили фаолият йўналиши бўйича эришган асосий ютуқлар ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида учраётган камчиликлар юзасидан расмий веб-сайти орқали эълон қилиб бориш вазифаси юклатилган бўлса-да, бу маълумотлар эълон қилинмаган — шу каби танқидий фикрлар Акмал Бурхоновнинг баёнотида ҳам қайд этилган.

Ҳақиқатдан ҳам агентликнинг очиқ маълумотлари қаторидан ўрин олган «Йиллик миллий маърузалар» бўлимида маърузалар жойланмаган, ойлик ҳисоботлар эълон қилинмаган, очиқ маълумотларнинг бошқа бўлимлари ҳам бўш ҳолда турибди. Сайтда 2021 йил давомида коррупияга қарши курашиш бўйича давлат дастурини амалга ошириш ҳолати тўғрисида ҳам маълумот мавжуд эмас.