28 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати фаолияти ҳамда болаларга ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида қарорни имзолади.
Қарорга мувофиқ, 1 декабрдан бошлаб шахс соғлиғининг ҳолатига кўра Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясининг тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига бориш имконига эга бўлмаган ҳолатда ногиронликни белгилаш бириктирилган ҳудудларга чиқиб кўчма мажлисларда, шахснинг уйида ёки даволанишда бўлган стационарда ҳамда сиртдан кўрикданўтказиш орқали ташкил этилади.
Ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган шахсларни клиник-функционал маълумотларни олишга доир қўшимча текширувдан ўтказмасдан туриб, тасдиқланган касалликлар рўйхати асосида фуқаронинг иштирокисиз улар ногиронлиги бўлган шахс деб топилганда ногиронлик муддатсиз даврга белгиланади.
Шунингдек, ҳудди шу санадан бошлаб тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан ногиронлик тўғрисидаги маълумотномаларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ишлаши мумкин бўлган касблар бўйича тавсиялар берилади.
2022 йил 1 августдан бошлаб дастлаб Тошкент шаҳрида ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларида ҳисобга олиш ва кўрикдан ўтказишнинг янги «Тиббий-ижтимоий экспертиза» электрон ахборот тизими жорий этилади. Бунда, фуқароларга ногиронликни белгилаш учун асос ҳисобланадиган (тиббий йўлланма, касаллик тарихи ва амбулатор картадан кўчирмалар ва бошқа) маълумотлар ахборот тизимига электрон тарзда киритилиши таъминланади.
Қарорга асосан, 2023 йил 1 январдан бошлаб ушбу ахборот тизими республиканинг бошқа барча ҳудудларида тўлиқ жорий этилиши кўзда тутилган.
Бунда ногиронликни белгилашда даволаш-профилактика муассасаларининг йўлланмалари, касаллик тарихидан кўчирмалар, амбулатор карта, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ҳамда меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолдаги бахтсиз ҳодиса ёки соғлиқнинг бошқача тарзда шикастланганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар тўлиқ ахборот тизими орқали қабул қилинади.
Ахборот тизимидаги фуқарога тегишли маълумотлардан келиб чиқиб, организмнинг функцияси бузилиши ва ҳаёт фаолияти чегараланишини ҳисобга олган ҳолда ногиронликни фуқароларнинг иштирокисиз белгилаш тартиби жорий этилади.
Ногиронлиги бўлган шахсга тааллуқли бўлган маълумотлар, даволовчи ҳамда тиббий хулоса берган шифокорлар тўғрисидаги маълумотлар ахборот тизимида қайд этиб борилади.
Ҳужжатга мувофиқ, Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясининг педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари ташкил этилади ва улар доимий фаолият кўрсатувчи тузилма бўлади. Шу муносабат билан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг шифокорлари зиммасига 18 ёшгача бўлган болаларга ногиронликни белгилашбўйича юклатилган қўшимча функциялар бекор қилинади.
Қарорга кўра, 18 ёшгача бўлган болаларни ногиронлиги бўлган бола деб топиш педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан, 18 ёшдан катта фуқароларни ногиронлиги бўлган шахс деб топиш тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан амалга оширилади.
Қайд этилишича, Қорақалпоғистон, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида иккитадан, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида биттадан педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари ташкил этилади. Қашқадарё, Сирдарё, Хоразм ва Наманган вилоятларида қўшимча равишда биттадан туманлараро тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари тузилади.
Педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг асосий вазифаларига қуйидагилар киради:
18 ёшгача бўлган болаларни тиббий-ижтимоий экспертизадан ўтказиш ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар жамиятлари билан биргаликда ногиронликни белгилаш соҳасида давлат дастурларини ишлаб чиқишда қатнашиш;
18 ёшгача бўлган болаларни ногиронликка олиб келувчи омилларни ўрганиш ҳамда соғлиғи ёмонлашувининг олдини олиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;
ногиронлиги бўлган болаларни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;
соҳанинг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда кадрларни ўқитиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг илғор усулларини тизимли асосда жорий этишда қатнашиш.
Ҳужжат билан давлат тиббиёт муассасаси томонидан фуқароларни тиббий-ижтимоий экспертизага юбориш тартибини назарда тутувчи врачлик-маслаҳат комиссияси тўғрисида низом ишлаб чиқилади.
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб тиббий-ижтимоий экспертиза, реабилитология, тиббий, ижтимоий ва касбий реабилитация мутахассисларини тайёрлашдаги магистратура, клиник ординатура, қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув дастурларини халқаро таълим стандартлари асосида такомиллаштириш чоралари кўрилади.
Мазкур қарор қабул қилингунга қадар берилган ногиронлик тўғрисидаги эски намунадаги маълумотномалар ҳамда расмийлаштирилган эски намунадаги ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурлари навбатдаги қайта кўрик ўтказилгунга қадар ёки реабилитация тадбирларини амалга ошириш (агар ногиронлик муддатсиз белгиланган бўлса) тугагунгача ҳақиқий ҳисобланади.
2022 йил 1 июнга қадарБМТнинг Тараққиёт дастури, Жаҳон банки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСЕФнинг техник кўмагини билан ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига ўтиш бўйича президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бунда, халқаро тажрибани ўрганган ҳолда Соғлиқ ва ҳаёт фаолиятининг (функцияларининг) чекланиши халқаро классификацияси асосида фуқароларга ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига ўтиш Концепциясини ишлаб чиқиш режалаштирилган.