Транспорт вазирининг буйруғи билан Йўловчи автовокзаллари ва йўловчи автостанциялари тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низом ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, автовокзаллар ва автостанцияларнинг фаолият юритиш тартибини белгилайди. У қуйидагиларни назарда тутади:
автовокзаллар ва автостанцияларга қўйиладиган умумий талаблар;
автовокзаллар ва автостанцияларнинг асосий вазифалари, уларнинг ишлаш режими;
қуйидагиларни ташкил қилиш:
ҳаракатини ва йўловчиларга маданий ва ижтимоий хизматлар кўрсатишни;
автовокзалнинг ахборот хизматини;
кассалар, багаж хоналари ишини;
шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда банд бўлган автотранспорт воситалари ишини диспетчер хизмати орқали бошқариш тартиби.
Автовокзалнинг тоифаси ва автостанциянинг классини ҳисобга олган ҳолда унинг ҳудудида қуйидагилар жойлаштирилиши лозим:
йўловчилар учун мўлжалланган бинолар ва хоналар;
чипта кассалари;
ёш болали йўловчиларга мўлжалланган хоналар;
ҳайдовчилар ва йўловчиларнинг узоқ вақт дам олишига мўлжалланган меҳмонхоналар;
маъмурият хонаси;
умумий овқатланиш шохобчалари;
тиббий пунктлар;
қўл юкини (багажни) сақлаш хоналари;
йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш учун монитор орқали кузатиш қурилмалари ўрнатилган хоналар;
йўловчиларни чиқариш ва тушириш перронлари;
техник кўрикдан ўтказиш ва автотранспорт воситалари салонларини тозалаш постлари;
автовокзал (автостанция) ҳудуди бўйлаб ҳамда чиқариш ва тушириш перронларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўриндиқли аравачалари учун мўлжалланган йўллар;
ногиронлиги бўлган шахсларни ўриндиқли аравачалар билан чиқариш ва тушириш учун мўлжалланган жойлар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 06.10.2021 йилдан кучга кирди.