Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси мутахассислари шаҳар ва туман ҳудудларида 1XBET букмекерлик идорасининг ташқи рекламалари сони ортиб бораётганлигини аниқлади.
Таъкидланишича, Жиноят кодекси 278-моддасида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказишга доир қатъий талаблар белгиланган ҳамда реклама тўғрисидаги қонуннинг 6-моддасида ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонун ҳужжатлари билан тақиқланган маҳсулот тўғрисида ахборот тарқатиш тақиқланган.
“Ачинарлиси, қимор ўйинлари рекламалари инсонлар онгига тез таъсир этиб, аҳоли ўртасида бундай таваккалчиликка қаратилган ўйинларга бўлган қизиқишлар кун сайин ортиб боришига сабаб бўлмоқда. Айниқса, ўсиб келаётган ёшлар ўртасида бундай пул тикиш ўйинлари авж олиб, уларни ютқазилиши оқибатида кўнгилсиз ҳолатлар келиб чиқаётгани сир эмас”, – дейилади хабарда.
Ушбу тақиқланган рекламаларни жойларда бартараф этиш мақсадида Фарғона вилояти ИИБ ҳамда вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасига мазкур ҳолатга жиддий эътибор бериб, амалий ёрдам бериши учун хат юборилган ҳамда ушбу соҳа билан шуғулланаётган фуқароларга огоҳлантириш ва тушунтиришлар берилган.