Андижон вилояти ИИБ Шаҳрихон туманидаги бозорда ўғриликда гумонланган катта ёшли аёлнинг оломон қўлидан қочиб, анҳорга тушиб кетгани тасвирланган видеоролик бўйича расман изоҳ берди.
Андижон вилоят ИИБ матбуот хизматининг маълум қилишича, воқеа 14 август куни соат 11.00 ларда содир бўлган. Муқаддам ўғрилик жинояти учун судланган А.А. Шаҳрихон шаҳар А.Темур кўчаси ўрамида жойлашган савдо бозорида савдо қилувчи И.Н сумкасидаги 192 минг сўм, фуқаро С.Г. сумкасидан 270 минг сўм, сотувчи С.М. халтасидан 30 минг сўм пулни ва уяли телефонларини яширин равишда олиб, ҳодиса жойидан яширинмоқчи бўлган.
Воқеа жойида жабрланувчи И.Н. ва ҳодисани бевосита гувоҳи бўлган Г. Р. уни туман ички ишлар ходимларига топшириш мақсадида ушлаб олишган. Оқибатда фуқаро А.А жиноий жавобгарликдан ҳамда фуқаролардан қочиб яшириниш мақсадида ўзини ўша ердан оқиб ўтувчи «Шаҳрихонсой» каналига ташлаган.
Воқеа жойига етиб борган туман ИИБ профилактика инспектори томонидан сувда оқиб кетаётган фуқаро А.А қутқариб қолинади. Туман ИИБга олиб келинганда, унга нисбатан ҳеч қандай калтакланиш аломатлари аниқланмади.
Содир бўлган мазкур ҳолат ички ишлар бўлими ходимлари томонидан расмийлаштирилиб, фуқаро А.Анинг ёнида алоҳида-алоҳида солинган 192 минг, 295 минг ва 31 минг сўм пуллар холислар иштирокида ашёвий далил сифатида олиниб, баённома тузилган.
Мазкур ҳолат юзасидан 14 август куни туман ИИБ томонидан А.А га нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Гумон қилинувчи А.А га ҳимоя ҳуқуқи таъминланиб, тергов ҳаракатлари давомида унга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан 16 август куни айб эълон қилиниб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланган.
Тергов даврида И.Н, Г. С ва М.С сўроқ қилиниб, жабрланувчи деб эътироф этилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
ВИДЕО: