O‘zLiDeP Фарғона туман Кенгаши томонидан “Машъал” МФЙда сайёр қабул ташкил этилди.
Унда партия туман кенгаши масъуллари, халқ депутатлари туман кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, тегишли идора ва ташкилот раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Қабул давомида фуқаролар томонидан ички йўлларни таъмирлаш, аҳолини арзон уй-жой ва ер майдони билан таъминлаш, моддий ёрдам ажратиш ва бошқа масалалар бўйича 30га яқин мурожаатлар келиб тушди.
Масалан, “Машъал” МФЙда яшовчи Нодира Халилова ҳудуддаги фойдаланилмай ётган ер майдонини олишда кўмак сўради. Унинг мурожаати ташкилотчилар томонидан жойида ўрганилиб, яқин кунларда ҳал этиладиган бўлди.
Маҳалла аҳли номидан сўз олган Мавлуда Музрабова қиш кунларида кўмир олиш учун МФЙга зарур шарт-шароитлар яратиш кераклигини айтди. Унинг мурожаатини халқ ноиби, партия депутатлик гуруҳи аъзоси Муроджон Юлдашев ўз зиммасига олиб, муаммони ижобий ҳал этиб беришга ваъда берди.
Шу ҳудудда яшовчи Надежда Черкасова қизи оғир дардга чалинганини айтиб, унинг операцияси учун ордер олишда кўмак сўради. Ушбу масалада халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи томонидан туман тиббиёт бирлашмасига депутатлик сўрови юборилиши режалаштирилди.
–Аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиб, одамларни ўйлантираётган муамоларни ҳал этаётган партия фаолларидан жуда миннатдормиз, – дейди Н.Черкасова – Тақдир экан, қизим анчадан буён оғир хасталикка чалинган, даволатиш учун эса ортиқча маблағимиз йўқ. Шу боис, ҳудудимизда ташкил этилган сайёр қабулда мутасаддилардан кўмак сўрадик. Ташкилотчиларга раҳмат, мурожаатимни ҳал этиб беришларини маълум қилди. Уларнинг бу ғамхўрликларини асло унутмаймиз.
Сайёр қабул сўнггида мурожаатлар юзасидан O‘zLiDeP ҳамда тегишли мутасадди идоралар томонидан муайян муддатда ижросини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Ш. ТОЛИПОВА,
O‘zLiDeP Фарғона вилоят
Кенгаши матбуот котиби.