Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 2019 йилги пахта йиғим-терими мавсуми давомида мажбурий меҳнатга йўл қўйгани сабабли маъмурий жаримага тортилган мансабдор шахслар рўйхатини эълон қилди.
Рўйхатдан жами 43 нафар мансабдор шахс ўрин олган бўлиб, уларнинг 2 нафари ҳоким (Китоб тумани ҳокими Рустам Сагдуллаев ва Қўшкўпир тумани ҳокими Жўрабек Раҳимов), 5 нафари ҳоким ўринбосари (Тўрақўрғон, Ёзёвон, Олтиариқ, Фориш ва Ўрта Чирчиқ туманлари).
Шунингдек, банкларнинг ҳудудлардаги 15 та филиали бошқарувчилари қўл остидагиларни мажбурий меҳнатга жалб этган. Жавобгарликка тортилганлар орасида тиббиёт биралашмаси, солиқ инспекцияси, мактаб раҳбарлари ҳам бор.
Уларнинг барчаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси («Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш») 1-қисми бўйича жавобгарликка тортилган (ушбу моддада базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима жазоси белгиланган).