Ўзбекистонда ер участкаларини ажратиш жараёнида ҳокимиятларнинг ролини камайтариш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 18 май куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клубда адлия вазири Русланбек Давлетов маълум қилди.
«Ер масаласини хронометраж сифатида қарайдиган бўлсак, ариза бергандан бошлаб ерни танлаш, ерни ажратиш, ундан олдин АПЗ 1 ва АПЗ 2 (бинони архитектуравий режалаштириш — таҳр.) деган жойлари бор. Жуда катта бюрократия бор бу ерда. Буни тан олишимиз айтишимиз керакки, бугунги кундаги талабларга, бугунги кунда бўлаётган жараёнларга жавоб бермайди», — деди у.
Адлия вазири вилоятларга, жойларга бориб таҳлил қилинганида, ҳокимликлар ер участкаларини ягона электрон савдо майдончасига чиқармаётгани ёки аукционда иштирок этиб, ерни пулга сотиб олгандан кейин ҳам туман ҳокимлари беш-олти ойлаб қарорни чиқариб бермаётганини таъкидлади.
Вазир ер участкаларини ажратишда ҳокимиятлар ролини камайтириш лозимлигини таъкидлади. «Биз бу жараённи тубдан ўзгартиришимиз лозим. Керак бўлса, ҳокимликларнинг бу жараёндаги ролини камайтириш зарур. Чунки бизда ҳар бир йўналиш бўйича ўзининг ваколатли органи бор, шу ваколатли органга ишониш керак», — деди у.
Адлия вазирлиги раҳбари давлат хизматларини мақбуллаштириш нуқтаи назаридан қурилиш соҳасида ҳокимияларнинг қурилишга рухсат бериш функцияси олиб ташланганини маълум қилди. Жумладан, 1 мартдан қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга рухсат бериш тартиби бекор қилинди ва улар бошлангани тўғрисида хабардор қилиш механизми жорий этилди.
Бундан ташқари, эндиликда қурилиши тугалланган бинони фойдаланишга топшириш учун қабул қилиб олиш тўғрисидаги акт ҳоким қарори билан тасдиқланмайди.
«Биз қурилиш соҳасида ҳокимиятларнинг рухсат бериш функциясини олиб ташладик. Олти ойгача рухсат бериб юрадиган шароитда ҳозир бир ҳафтада рухсатини олаяпти. Шу муддатдан ўтиб кетса, давлат хизматлари марказларимиз дарров жарима қўллайди. Ёки қурилиши тугалланган объектни қабул қилиш ҳам олдин ҳокимият орқали бўлар эди. Уни ҳам ҳокимият бўғинидан чиқариб ташладик. Бунинг натижасида объектларни қабул қилиш муддатлари ҳам ўн баробарга қисқарди», — деди вазир.
Адлия вазирлиги ер участкаларини ажратиш бўйича Ўзгеодезкадастр билан биргаликда ишлаб, президент қарори лойиҳасини тайёрлади. Бугунги кунда у президент админстрациясида кўриб чиқилмоқда. «Яқин кунларда [қарор] қабул қилиниши керак. Бу топшириқни биз президентимизнинг Навоий вилоятига бўлган ташрифида олдик. Бир ойни ичида ишладик, яқинда бу соҳада ҳам тубдан ўзгариш бўлади», — дея маълум қилди Русланбек Давлетов.