Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида “Тошкент – Андижон” автомагистралининг Ёзёвон туманидан ўтувчи қисмида иккита автомобиль тўхтатилиб, кўздан кечирилганида уларнинг салон қисмида ва юкхоналарида катта миқдордаги хорижий валюта топилган. Бу ҳақда ЎзА хабарида айтилмоқда.
Жумладан, биринчи автомашинада 423 871 доллар, иккинчи автомобилда эса 388 659 доллар жами 812 530 АҚШ доллари топилиб, мусодара қилинган.
Автомашиналар эгалари қўқонлик Олим Аҳмедов ва Ҳабибулла Ҳалимов ҳамда уларга ҳамроҳлик қилаётган Учкўприк туманида яшовчи Абдулвосий Тешаев бўлган.
Шундан сўнг ушбу ишга алоқадор бошқа шахслар ҳам қўлга олинган. Хусусан, гуруҳга етакчилик қилган Обид Халимов 13 йил давомида Саудия Арабистонида яшаган. Ватанига қайтган Обид Халимов ўз атрофида валюта ташувчилар гуруҳини тузган ва унга Тошкент шаҳрида яшовчи жияни Абдуллох Ҳалимов, Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи қайноғаси Ҳабибулла Ҳалимов, шунингдек Жаҳонгир Толипов, Олим Аҳмедов, Абдулвосий Тешаев каби шахсларни жалб этган. Улар хориж валюталарини ноқонуний тарзда Қирғизистонга ўтказиш билан шуғулланган.
Ҳозирда ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, ушбу ишга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш бўйича ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.