Жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб, «Шахснинг электрон меҳнат тарихи» тизими жорий этилиши билан меҳнат муносабатларини мажбурий равишда электрон расмийлаштира бошлаш режалаштирилмоқда.
Биринчидан, «Шахснинг электрон меҳнат тарихи»ни олсак, у меҳнат муносабатларини расмийлаштиришнинг барча босқичлари: ишга қабул қилиш, бошқа ишга ўтказиш, меҳнат шартномаларини бекор қилишни ўз ичига олади. Шунингдек ушбу механизм меҳнат дафтарчаларининг ўрнини тўлиқ босади ва шу йилнинг 1 январигача жорий этилиши режалаштирилган «Электрон меҳнат дафтарчаси» тизимининг ўрнига келади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш. Кудбиев таъкидлаганидек, электрон меҳнат шартномалари фақат давлат тилида расмийлаштирилади. Айни пайтда янги тизим синовдан ўтказилмоқда.
Иккинчидан, ходимларга компетенциялар бериш тизимини яратган ҳолда, асосан ишчиларнинг касблари бўйича компетенциялар ёки кўникмалар паспортлари бўлган Skills-паспортларни жорий этиш мўлжалланмоқда. Бу, ўз навбатида, иш берувчиларимизга ходимни ишга қабул қилиш чоғида унинг малакасини баҳолаш ва ўзига мос келадиган кадрларни танлаб олиш имконини беради. Ишчиларнинг касблари бўйича маълумотлар базасини ҳам яратиш режалаштирилмоқда.
Учинчидан, хусусий компаниялар маҳаллий меҳнат органлари бўш иш ўринлари ҳисобига йўллайдиган шахсларни мажбурий қабул қилишдан озод қилиниши мумкин. Давлат ташкилотлари ҳамда давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган ташкилотлар учун бундай мажбурият сақланиб қолмоқда. Қолган иш берувчиларга ишга қабул қилишдан бош тортиш ҳуқуқини берган ҳолда, бунинг учун жавобгарликка тортмасдан, у ёки бу таклифларни кўриб чиқиш тўғрисида илтимос йўллайдилар, холос.
Тўртинчидан, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси концепцияси тақдим этилди. Кодекс 3 та қисм, 7 та бўлим, 36 та боб ва 400 та моддадан иборат бўлиши тахмин қилинмоқда (амалдаги МКда – 294 та модда, таҳр.). Унда ҳаволаки нормалар камайтирилади, меҳнатга тўланадиган ҳақни қайта кўриб чиқишнинг соддалаштирилган тизими назарда тутилади, мослашувчан бандлик шакллари тартибга солинади.
Янги таҳрирдаги «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси ҳам тақдим этилди.
Ушбу ҳужжатларнинг лойиҳаларига доир тақдимотлар Меҳнат вазирлигининг расмий телеграм-каналида (@mehnatvazirligi) жойлаштирилади. Истаган киши улар билан танишиб чиқиб, амалий фикр-мулоҳазалари ва таклифларини inbox@mehnat.uz электрон манзилига йўллаши мумкин.