Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар қилди. 2017 йил билан солиштирилганда, ҳалок бўлганлар сони 8,5 фоизга (2473 кишидан) камайган, бироқ мазкур рақамлар ҳамон юқорилигича қолмоқда — ҳар куни қарийб 6,2 киши вафот этмоқда.
Йўллардаги аварияларда жароҳатланганлар сони 8458 кишини ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 12,2 физга (9637 киши) камайган.
Қайд этиш жоизки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўз ҳисоботида бошқача рақамларни келтириб ўтган. Масалан, 2016 йилда Ўзбекистонда расман 2496 кишининг йўлларда ҳаётдан кўз юмгани хабар қилинган бўлса, ЖССТ 3617 кишининг ўлимини келтириб ўтган (ЖССТнинг дунёда ҳаракат хавфсизлиги ҳолати тўғрисидаги ҳисоботи, 2018 йил). ЖССТ рақамлардаги фарқларни турли мамлакатларда ЙТҲларда ҳалок бўлиш ҳолатларини ҳисоб-китоб қилиш ва рўйхатга олиш методологияларининг хилма-хиллиги билан изоҳлаган.
Халқаро ташкилот Ўзбекистоннинг аҳоли пунктларида рухсат берилган тезликнинг (соатига 70 км) юқори экани, хавфсизлик камари ва болалар ўриндиқларидан фойдаланиш бўйича талабнинг етарли эмаслиги ва автотранспорт воситаларига қўйилган стандартларнинг такомилга етказилмаганини қайд этади.
Декабрда президент Шавкат Мирзиёев Конституциянинг 26 йиллиги муносабати билан нутқ сўзлар экан, Ўзбекистон йўлларида ўлим даражасининг юқори эканини фожиа ва катта йўқотиш деб атаган эди. Давлат раҳбари Канаданинг Калгари шаҳрида йўллардаги ўлимга қарши самарали кураш олиб борилаётганини мисол қилиб келтириб ўтди.