Давлат божхона қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, “Фарғона” чегара божхона пости орқали қушни Қирғизистонга чиқиб кетаётган фуқаро А.З. божхона назоратидан ўтиш чоғида божхона ходимлари томонидан оғзаки савол-жавоб қилингандан сўнг, ушбу фуқаро ёнида божхона ходимига маълум қилинмаётган буюмлар мавжудлигига шубҳа уйғотган.
Шундан сўнг, белгиланган тартибда холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганда унинг эгнида бўлган ички кийими ичидан божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилинмаган, нақд 30 минг АҚШ доллари мавжудлиги ошкор бўлган.
Шунингдек, хуқуқбузарнинг кийиб олган курткаси ўнг чўнтагида 4 минг АҚШ доллари ва қўл сумкаси ичидаги хамёнида 510 турк лираси борлиги аниқланган.
Шу тариқа ушбу фуқародан жами 34 минг АҚШ доллари ва 510 турк лирасини яширган ҳолда қўшни давлатга олиб чиқиб кетмоқчи бўлганида божхона ходимлари томонидан тўхтатиб қолинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.