Шахсий маълумотингизни фирибгарларга берманг – онлайн рўйхатдан ўтинг!

Миллий статистика қўмитаси аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш қандай тартибда ўтказилишини маълум қилиб, фуқароларни фирибгарлардан огоҳлантирди.

Қайд этилишича, жараён 2 босқичда ташкил этилади:

  • 1-босқичда 2026 йил 15-31 январь кунлари, яъни 17 кун давомида census.stat.uz сайти орқали OneID тизими ёрдамида онлайн рўйхатдан ўтиш имкони яратилади.

  • 2-босқичда 4-28 февраль кунлари “Маҳалла еттилиги” аъзолари уйма-уй юриб, планшет орқали рўйхатга олишни ташкиллаштиради.

Агентлик рўйхатга олиш фақат “Маҳалла еттилиги” аъзолари томонидан ўтказилишини ҳамда фуқаролардан ҳеч қандай SMS-код ёки пул маблағлари сўралмаслигини таъкидлади.

“Шахсий маълумотлар телефон ёки ижтимоий тармоқлар орқали сўралмайди, онлайн рўйхатдан ўтишда ягона расмий платформа орқали белгиланган муддатда рўйхатдан ўтиш саволномасини тўлдирасиз”, –  дейилади хабарда.

​Еттилик аъзолари ўз маҳалласида рўйхатга олиш тадбирини ифодаловчи махсус бейжикда бўлишади ва фақат census.stat.uz сайти орқали маълумотларни базага юборишади.