Аёлларни иш билан таъминлаш бўйича ижтимоий лойиҳалар молиялаштирилади

Вазирлар Маҳкамасининг 23.08.2025 йилдаги 462-сон  «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»,  ва «Саховат ва кўмак» жамғармалари маблағлари ҳисобидан ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, 2025 йил 15 августгача «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя тизими» ахборот тизими орқали «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан ваучер асосида ёрдам кўрсатиш тизимини жорий этиш режалаштирилган. Бунда мазкур тизимни жорий этиш тажриба тариқасида Тошкент шаҳри ва Андижон вилоятининг туман (шаҳар)ларида амалга оширилади.

Шунингдек, ҳужжат билан Вазирлар Маҳкамасининг 31.03.2022 йилдаги 145-сон «Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига ўзгартириш киритилди. Унга кўра, «Аёллар дафтари» жамғармасидан ҳар бир уйни таъмирлаш учун БҲМнинг 50 бараваригача (амалдаги 30 БҲМ ўрнига) маблағ ажратилади.

Бундан ташқари, «Аёллар дафтари» жамғармаси маблағлари ҳисобидан кам таъминланган оилаларга мансуб хотин-қизларга уй-жой ижараси тўловининг 50 фоизи, бироқ  БҲМнинг 2 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда, Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида эса БҲМнинг 3 бараваригача бўлган қисми қоплаб берилади.

Президентнинг 30.01.2025 йилдаги ПФ-17-сон «Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини молиялаштириш тартиб-таомилларини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ:

  • «Ижтимоий дафтарлар» жамғармалари орқали кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга берилади;

  • уй-жой шароитларини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш бўйича ижтимоий ёрдам эса оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган энг кам истеъмол харажатларининг икки бараваридан ошмайдиган ойлик даромадга эга оилаларга ҳам тақдим этилади.

Шунингдек, ҳужжат билан аёлларнинг бандлиги ва ижтимоий фаоллигини таъминлашга қаратилган ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш учун грантлар паспорти тасдиқланди. БҲМнинг 60 бараваригача миқдордаги ижтимоий ёрдам «Энг яхши ижтимоий лойиҳалар» танловида ғолиб деб топилган лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Лойиҳалар камида 3 нафар аёл, ёшлар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд қатламлари вакилларининг бандлигини таъминлаши лозим. Ушбу ёрдам қуйидагиларга тақдим этилади:

  • жисмоний шахсларга – ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур бўлган жиҳозлар, асбоб-ускуналар, хомашё ва материалларни сотиб олиш, шунингдек, хизматлар кўрсатиш учун;

  • нодавлат ташкилотларига – иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) соҳасини кенгайтириш, хомашё ва материаллар сотиб олиш, шунингдек, лойиҳа доирасида жалб қилинадиган шахсларнинг малакасини ошириш учун.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 26.07.2025 йилдан кучга кирган.