Қонун қабул қилинган кун арафасида очиқ мулоқот, брифинг ва матбуот анжумани тадбирлари ташкилланди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят вилоят ҳудудий бирлашмаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган медиа тадбирлар режаси асосида, Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят Ахборот-кутубхона марказида “26-апрел – Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган кун” мавзусида очиқ мулоқот ташкилланди. Тадбирда ҳудудий бирлашма, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги инспекциянинг вилоят бўлими, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг вилоят бошқармаси раҳбар ва масъул ходимлари, ОАВ ва жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Очиқ мулоқот тадбири доирасида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Азаматжон Холматов томонидан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни ва унинг жамият ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти” мавзусида брифинг ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вилоят бошқармасининг “Соҳа мутахассислари томонидан деҳқон бозорлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва савдо шохобчаларида озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган профилактик тарғибот тадбирлари” мавзусидаги матбуот анжуманлари ҳам ўтказилди.

Тадбирлар доирасида соҳага оид ислоҳотлар ва сўнгги янгиликлар юзасидан фикр-мулоҳаза ҳамда таклифлар билдирилиб, қонуннинг жамиятимиз ҳаётида тутган ўрни ва аҳамиятининг беқиёслигидан келиб чиққан ҳолда, унинг ижросини таъминлаш йўналишида олиб борилаётган ишларда, шунингдек аҳолининг бу борадаги ҳуқуқий билими ва истеъмол маданиятини ошириш ишида ижтимоий шериклик ва ҳамкорликни янада кучайтиришга келишиб олинди.