Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси ва унинг тизимидаги туман (шаҳар) жамиятлари томонидан ўтган 2024 йилда истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилди.
Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ва «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунлари ва Федерациянинг ички меъёрий ҳужжатларига асосан фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, таҳлил қилиш натижалари бўйича тегишли органларга тақдим этиш ва оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб бориш ишлари давом эттирилди.
Ўтган йил мобайнида Федерациянинг вилоятдаги идораларига жами бўлиб 898 та мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатларни тегишли тартибда ўрганиб чиқилиши натижаларига кўра, 1 млрд 783 млн 521 минг 122 сўм маблағлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган бўлиб, шундан 241 млн 139 минг 146 сўми суд идораларига киритилган даъво аризалари бўйича истеъмолчилар фойдасига ундирилган моддий ва маънавий зарарлардир.
Мурожаатларнинг 35,3 фоизи савдо масалаларидаги, 16,1 фоизи газ таъминоти, 10,9 фоизи электр таъминоти, яна 10,9 фоизи сув таъминоти, 7,1 фоизи коммунал соҳа (ширкатлар), 5,3 фоизи хизмат кўрсатиш (сервис) соҳаларига оид масалалардан иборат бўлган бўлса, қолган 14,3 фоизи соғлиқни сақлаш, транспорт, алоқа (ва интернет) ҳамда истеъмол соҳасига оид бошқа масалаларда келиб тушди.
Савдо соҳасига оид мурожаатларнинг энг кўп қисми 28,7 фоизи харид қилинган маиший техника воситаларида нуқсонлар аниқланиши ҳолатлари юзасидан бўлди.
Ҳисобот даврида ҳудудий бирлашма ва туман (шаҳар) жамиятлари ижро этувчи аппаратларига Ҳукумат идораларидан, жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Президентга мурожаат портали” ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ишонч телефони орқали жами 14 та мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатларнинг 9 таси савдо, 1 таси хизмат кўрсатиш (сервис), 1 таси алоқа (ва интернет) ва 1 таси истеъмол соҳасига оид бошқа масалаларда бўлиб, мурожаатлар ўз муддатларида ўрганиб чиқилиб ижобий ҳал қилинди ҳамда буни натижасида 295 млн 879 минг 048 сўм маблағ истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилди.
Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ягона ишонч телефони ва телеграм боти орқали келиб тушган мурожаатлар сони 257 тани ташкил қилиб, шуларнинг 91 таси савдо, 52 таси газ таъминоти, 37 таси электр таъминоти, 14 таси сув таъминоти, 18 таси коммунал соҳа, 1 та соғлиқни сақлаш, 23 таси хизмат кўрсатиш (сервис), 1 таси транспорт, 8 таси алоқа (интернет), 12 таси бошқа соҳалар бўйича келиб тушган мурожаатлардир. Уларни ўрганиб чиқилиб, ҳал қилиб берилиши натижасида 175 млн 004 минг 967 сўм маблағ истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилди. Шулардан битта мурожаат назорат қилувчи идоралар ёрдамида ҳал қилинди.
Ҳудудий бирлашма ва туман (шаҳар) жамиятларига фуқаролардан тўғридан-тўғри келиб тушган мурожаатлар сони эса 627 тани ташкил этиб, уларнинг 455 таси ёзма, 172 таси оғзаки шаклда қабул қилиб олинган. Шуларнинг 217 таси савдо масалаларида, 93 таси газ таъминоти, 61 таси электр энергияси таъминоти, 84 таси сув таъминоти, 46 таси коммунал соҳа, 8 таси соғлиқни сақлаш, 24 таси хизмат кўрсатиш (сервис), 5 таси транспорт, 13 таси алоқа (ва интернет), 76 таси бошқа соҳалар бўйича масалаларни ўз ичига олган. Мурожаатларни ўрганиб чиқилиши натижалари билан 1 млрд 071 млн 497 минг 961 сўм маблағ истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилган. Мурожаатларнинг 16 таси назорат органлари орқали ҳал қилинган бўлса, 18 таси суд идоралари орқали ҳал этилиб, 241 млн 139 минг 146 сўм моддий ва маънавий зарарлар истеъмолчилар фойдасига ундирилди.
Ҳисобот даврида Федерация раисининг 2017 йил 6 феврал кунидаги буйруғига асосан ташкил қилинган “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналари фаолияти давом эттирилди. Ўтган йилда мазкур ҳуқуқий маслаҳатхоналар орқали жами 681 нафар фуқароларга, шулардан савдо масалаларида 104 нафар, газ таъминотида 93 нафар, электр таъминоти масалаларида 81 нафар, сув таъминоти бўйича 57 нафар, коммунал хўжалик бўйича 73 нафар, соғлиқни сақлаш масалаларида 39 нафар, хизмат кўрсатиш (сервис) соҳаси 30 нафар, транспорт хизматлари бўйича 15 нафар, алоқа (ва интернет) хизматлари бўйича 21 нафар, бошқа масалалар бўйича 108 нафар фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Шундан масалани ижобий ҳал этиш учун давлат назорат органларига 12 та ва суд органларига 1 та мурожаат йўналтирилди.
Федерация тизимида истеъмолчилар билан мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг мурожаатлари билан ишлаш мақсадида федерациянинг istemol.uz расмий сайтидаги виртуал қабулхона, телеграм мессенжеридаги бот ҳамда 1091 қисқа рақамли ягона ишонч телефони фаолияти йўлга қўйилган бўлби, тизим ташкилотлари томонидан ўтказиладиган барча тадбирларда аҳоли вакилларига ўзининг истеъмолчилик ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бу борада маслаҳат ёрдамларини олишлари учун Федерацияга мурожаат қилиш йўл-йўриқлари юзасидан доимий равишда тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда.