Шартнома бекор қилиниб, тўланган пул суммаси қайтариб олинди

Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан Ёзёвон тумани «Хонобод» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи О.А.нинг шартномада олди-сотди жараёнида келишилганидан бошқа нарх қўллангани, шунингдек харид қилинган товарда нуқсон аниқлангани сабабли шартномани бекор қилинишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб қилган мурожаат ўрганилди.

Истеъмолчининг сўзларига кўра, у Марғилон шаҳридаги савдо дўконидан нархи 9 400 000 сўм бўлган уч ғилдиракли скутерни олдиндан 3 500 000 сўм тўлаш, қолгун суммани эса 6 ой давомида бўлиб тўлаб бериш шарти билан харид қилади. Товар хонадонга олиб келингач, унинг аккумулятор қисмида дефект мавжудлиги, камига шартномада бўлиб тўланиши лозим бўлган сумма оғзаки келишув давомида келишилганидан кўра кўпроқ ёзиб юборилгани маълум бўлади.

Мурожаатни ўрганиш давомида сотувчига амалдаги қонунчилик бўйича истеъмолчида товар (иш, хизмат) ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилиши, шунингдек нуқсонли товар сотилганда вужудга келадиган ҳуқуқлар, юзага келган ҳолатда унинг қонуний талаблари тушунтирилди. Натижада шартнома бекор қилиниб, истеъмолчи томонидан тўланган олдиндан тўлов суммасини тўлиқ қайтарилишига эришилди.

Авазбек Юсупов, шаҳар жамияти мутахассиси.