Жорий йилнинг май ойидан октябрь ойига қадар Андижон вилояти давлат хизматлари бошқармасига ўзбошимчалик билан қурилган тураржойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш учун вилоят бўйича 830 та мурожаат келиб тушган. Бироқ шу кунга қадар мурожаатларнинг 95 тасигина ижобий ҳал қилинган. Бу ҳақда «Turon24″га Андижон вилояти давлат хизматлари бошқармаси бош маслаҳатчиси Мансурбек Бобохонов маълум қилди.
Маълумки, 2018 йилнинг 20 апрелида Ўзбекистон президентининг “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган тураржойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги фармони ва 2018 йилнинг 21 июнида Вазирлар Маҳкамасининг фармон ижросини таъминлашга қаратилган қарори қабул қилинган эди.
Ушбу ҳужжатлар минглаб юртдошларимизни қийнаб келаётган масала – ноқонуний қурилган уйларга мулк ҳуқуқини эътироф этиш имкониятини берди. Лўнда қилиб айтганда бир марталик умумдавлат акцияси доирасида мулк ҳуқуқи бериш имконияти тақдим этилди.
“Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича 800 дан ортиқ ариза келиб тушган, – дейди Мансурбек Бобохонов. – Шундан фақат 95 та мурожаат ҳал қилиниб, мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича шаҳар ва туман ҳокимларининг қарори чиқарилган. Афсусланарлиси, 660 та ариза ижроси ҳали ҳам таъминланмаяпти”.
Туманлар бўйича оладиган бўлсак, Жалақудуқда 152, Андижон шаҳрида 71, Пахтаободда 72, Қўрғонтепада 70, Марҳаматда 55 та ариза ўз ижросини кутмоқда. Булар-ку майли, Хонобод шаҳри ва Андижон, Булоқбоши, Избоскан туманларида шу кунга қадар бирорта ҳам ноқонуний қурилган уйга нисбатан ҳокимликларнинг қарори қабул қилинмаган.
Шаҳар ва туманлардаги ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари, қурилиш бўлимлари, давлат солиқ инспекциялари, ички ишлар ва ёнғин хавфсизлиги бўлимлари, давлат санитария ва эпидемиология назорати марказлари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлимлари мутасаддиларининг Вазирлар Маҳкамасининг 461-қарорида белгиланган вазифаларни бажармаётгани ачинарли ҳолдир.
Ушбу ҳолатлардан келиб чиқиб, ваколатли органларнинг ходимларига нисбатан интизомий ва маъмурий таъсир чоралари кўрилди. Бироқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2155-моддасига кўра 24 нафар мансабдор маъмурий жавобгарликка тортилганига қарамасдан, президент фармони ижроси таъминланмасдан қолмоқда. Бу эса мурожаатчиларнинг норозилигига ва аҳолининг давлат органларига бўлган ишончи пасайишига олиб келмоқда.