Ўтган йиллар давомида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги роли ва аҳамиятини ошириш борасида тарихий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, амалга оширилган барча ислоҳотларнинг тадрижий давоми сифатида жаҳон миқёсидаги жараёнларни ва мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда кейинги йилларда “Инсон қадри учун” тамойили асосида ҳалқимизнинг фаравонлигини янада ошириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида Президентимизнинг 2023 йил 11 сентябрь кунги ПФ-158 сонли Фармони билан 2023-2030 йилларга мўлжалланган Ўзбекистоннинг янги стратегияси тасдиқланди.
Стратегиянинг 4-мақсади “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш” деб номланиб, унинг 4.2-бандида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар назарда тутилган. Ушбу йўналишда белгиланган чора-тадбирлар доирасида маъмурий судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш назарда тутилган.
2023 йил 25 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-889-сонли қонуни билан маъмурий суд ишларини кўриб чиқишнинг тартиби ва муддатларига қатор ўзгартиришлар киритилди.
Жумладан, 2023 йил 25 декабрь кунига қадар амалда бўлган тартига асосан, маъмурий судга келиб тушган аризалар дастлаб туманлараро маъмурий суди томонидан биринчи инстанция сифатида, биринчи инстанция суд ҳужжатлари устидан берилган шикоятлар вилоят судлари томонидан апелляция инстанцияси сифатида, апелляция инстанция қарори устидан берилган шикоятлар эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кассация инстанцияси сифатида кўриб чиқилаётган эди.
Мазкур тартиб бир мунча содда кўринсада, маъмурий судга мурожаат қилган фуқаролар ва юридик шахс вакилларига бир қанча ноқулайликлар келтириб чиқаргани бор гап.
Жумладан, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори устидан шикоят бериш муддати бир ой бўлиб, мазкур муддатни қандайдир сабабга кўра ўтказиб юборган фуқаронинг кейинчалик суд ҳужжати устидан шикоят бериш ҳуқуқи чекланиши мумкин эди. Чунки ўтказиб юборилган муддатни тиклаш масаласи суд томонидан кўриб чиқилиши ҳамда ушбу илтимоснома қаноатлантирилиши ёки рад қилиниши мумкинлиги масаласи судьянинг ихтиёрида қолдирилган эди.
Янги ўзгаришларга асосан, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 224-моддасига асосан ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти, прокурор эса кассация протести беришга ҳақли экани белгиланди.
Бу эса, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунга қадар унинг устидан шикоят келтирмаган шахсларга, суд ҳужжатлари юзасидан кассация инстанциясида низолашиш имкониятини беради.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 225-моддасига асосан кассация шикоятлари туманлараро маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари устидан берилганда – Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан кўрилиши белгиланди.
Мухим жихатлардан яна бири, эски тартибга мувофиқ шахс вилоят судининг апелляция тартибида чиқарган қароридан норози бўлса, ушбу қарор устидан низолашиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация шикояти тартибида ариза билан мурожаат қилиши керак бўларди. Суд тизими ваколатларининг бу тарзда марказлаштирилиши фуқаролар ва юридик шахсларнинг ортиқча вақт ва маблағ сарфига сабаб бўлаётган эди.
Киритилган ўзгартиришга асосан, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 249-моддасига асосан туманлараро маъмурий судларнинг, ҳудудий ҳарбий судларнинг қонуний кучга кирган, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича ҳал қилув қарори, ажрими, қарори, шунингдек апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарори, ажрими устидан Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкинлиги ва ушбу шикоятлар Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан кўриб чиқилиши белгиланди.
Ўрнатилган мазкур тартиб натижасида фуқаролар ортиқча овворагарчилигининг олди олиниб, вилоят судларининг одил судловни амалга оширишдаги имкониятларидан кенг фойдаланилади.
Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига асосан “Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқиш ҳуқуқи кафолатланади”.
Агар судья мустақил ва низони ҳал қилиш чоғида ташқи таъсирлардан холи бўлса, бу унинг холис ва адолатли суд ҳужжатларини қабул қилишига шароит яратади. Пировардида аҳолининг судларга бўлган ишончи ортади, жамиятда ҳуқуқ устуворлиги таъминланади.
Бахтиёр ЮЛДАШЕВ, Фарғона вилоят маъмурий суди судьяси.