COVID-19’га қарши эмлашнинг биринчи кунида 5 мингдан ортиқ фуқаро ихтиёрий эмланди

Вакцинациянинг илк кунидаёқ Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларидан жами 5 018 нафар фуқаро ихтиёрий равишда эмланган, дея хабар бермоқда ССВ.  

Шундан, 1 апрель ҳолатига кўра, 1871 нафар 65 ёшдан юқори фуқаро ва 3147 нафар тиббиёт ходими эмланди.

Вакцинация бўйича кунлик ҳисобда Тошкент шаҳридан 1651 нафар фуқаро эмланиб, ҳудудлар бўйича энг юқори кўрсаткич қайд этган. 

Эмлаш кўрсаткичлари бўйича кейинги ўринларни Фарғона вилояти (467 нафар), Қашқадарё вилояти (389 нафар), Тошкент вилояти (317 нафар) банд қилди.

Эслатиб ўтамиз, эмлашнинг илк босқичида 65 ёш ва ундан ошган фуқаролар ҳамда тиббиёт ходимлари эмланиши кўзда тутилган эди.