Олдин тўла, кейин буз! Эндиликда ерлар зарарнинг ўрни тўлиқ қоплангандан кейингина олиб қўйилади

Мамлакатда инвестициявий фаолиятни янада яхшилаш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишни рағбатлантириш, мазкур йўналишда давлат сиёсатининг изчиллигига инвесторларнинг ишончини мустаҳкамлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан Бош прокуратура билан биргаликда ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида инвестицион муҳитни тубдан яхшилаш чора- тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармонда виждонан ҳаракат қилаётган инвестор ва тадбиркорлик субъектларини давлат органи томонидан қабул қилинган ноқонуний маъмурий ҳужжатдан ҳимоялаш механизмлари белгиланиб, унга мувофиқ маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониш оқибатида етказилган мулкий зарар давлат томонидан қоплаб берилади. Шунингдек, эндиликда инвестор ва тадбиркорнинг қонуний манфаатига алоқадор бўлган маъмурий ҳужжатга ўзгартириш киритиш ёки уни бекор қилиш фақат суд томонидан амалга оширилади.

Бундан ташқари, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйишда олдиндан кўра билишни таъминлаш мақсадида Фармон билан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйишнинг аниқ ҳолатлари белгиланмоқда. Шу билан бирга, турар жой ва ишлаб чиқариш объектларини бузиш фақат кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва мулкдор кўрган зарарнинг ўрни тўлиқ қоплангандан кейин йўл қўйилиши белгиланди.

Фармонда инвестициявий фаолиятни амалга ошириш учун ер участкаларини беришнинг янги механизмлари, хусусан, ер участкаларини 50 йилгача бўлган муддатда узоқ муддатли ижарага бериш тартиби жорий этилмоқда.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасида энг кам ойлик иш ҳақининг 8500 баравари миқдорида инвестицияни хўжалик жамиятларининг акция ва улушларини сотиб олиш, шунингдек, хорижий корхона ташкил қилиш шаклида киритса, кўп марталик уч йиллик визаларни уларнинг амал қилиш муддатини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқмаган ҳолда чекланмаган миқдорда узайтириш имконияти билан олиш ҳуқуқи берилди.

Фармон билан белгиланаётган қўшимча янгиликлар:

·        чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар устав фондида чет эл инвестицияларининг минимал миқдори 30 фоиздан 15 фоизгача туширилди;

·        чет эл инвестицияси иштрокидаги корхона иштирокчиларидан бири албатта хорижий юридик шахс бўлиши шартлиги ҳақидаги талаб бекор қилинди;

·        чет эл нвестицияси иштирокидаги корхоналар устав фондининг минимал миқдори 600 миллион сўмдан 400 миллион сўмгача туширилди;

·        чет эл инвестициялар иштирокидаги корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи миқдорини уч бараваргача камайтирилди;

·        акциядорлик жамиятлари устав фондининг минимал миқдорини 400 миллион сўм қилиб белгилаш;

·        экспорт контрактлари контракт тузилган кунда “Ўзагроэкспорт” АЖ эълон қилган нархлардан паст бўлмаган нархлар бўйича тузиш, шунингдек, экспорт контракти тузмасдан инвойс асосида ўтказиладиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхонада божхона юк декларацияси рўйхатга олинадиган кунда “Ўзагроэкспорт” АЖ расмий веб-сайтида қайд этилган нархлардан паст бўлмаган нархлар бўйича расмийлаштириш тартиби бекор қилинди.

 

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.