Ўзбекистонда Фуқаролик ишлари бўйича судларда кўриб чиқилган ишлар ўтган йилдан 19 фоизга камайгани маълум бўлди

2019 йилнинг тўққиз ойи мобайнида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 138 962 та иш кўриб чиқилган ва мазкур кўрсаткич 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 19,1 фоизга камайган, деб хабар беради Олий суд матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, ҳисобот даврида 69 миллиард сўмдан зиёд мажбурий тўловларни ундириш ҳақида 60 282 та суд буйруғи чиқарилган ва ушбу кўрсаткичларни ўтган йил билан солиштирилганда сумма бўйича 68,1 фоизга, суд буйруқлари сони бўйича эса 71,3 фоизга камайган.

Шунингдек, кўриб чиқилган фуқаролик ишлари бўйича 120 081 та ҳал қилув қарорлари чиқарилиб, улар бўйича талабларнинг 86,4 фоиздан ортиғи қаноатлантирилган.

«Ҳал қилув қарори қабул қилинган даъво тартибидаги 98 080 та фуқаролик ишларидан 27 701 таси никоҳдан ажратиш, 24 233 таси битимлар билан боғлиқ, 1 165 таси ишга тиклаш, 1 045 таси турар жойдан кўчиришга оид ва бошқа ишлар ташкил қилади», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, никоҳдан ажратишга оид қабул қилинган 27 701 та ишнинг 16 739 таси бўйича қонуний никоҳлар бекор қилинган, 10 962 та қонуний никоҳ бекор қилинмаган, 3 945 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган ёки кўрмасдан қолдирилган.

Таъкидланишича, 52 696 та фуқаролик иши сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилиб, аҳоли билан 5 375 та учрашув ўтказилган.

Қўшимча қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 791 та иш кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 255 та қарор бекор қилинган ва 95 та суд қарорлари ўзгартирилган.