Ички ишлар органи ходими қандай бўлиши керак?

Жамиятда тинчлик, осойишталик таъминланишида ички ишлар органлари ходимларининг алоҳида ўрни бор. Тунни тонгга улаш, ҳар қандай об-ҳавода хизматда туриш, турли жиноятчилар билан юзма-юз келишнинг ўзи бўлмайди.

Бироқ соҳа ходимларидан бирортаси ножўя қилмишга йўл қўйса, буларнинг ҳеч бири кўзга кўринмаслиги мумкин.

Шунинг учун ҳам ички ишлар органлари ходимларининг ҳар томонлама етук бўлиши долзарб масала ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2019 йил 16 апрелдаги “Ички ишлар органлари ходимларининг маънавий-марифий савиясини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги буйруғи ана шу мақсадда қабул қилинди.

Ушбу ҳужжатда давлатимиз раҳбарининг “Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси йўл хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бир қатор янги тартиблар белгиланди.

Жумладан, энди ҳар ҳафтанинг душанба куни “Маънавият ва маърифат дарслари”дан сўнг тизимдаги тиббиёт бўлинмалари ходимлари томонидан жисмоний фаолликнинг фойдали жиҳатларини тушунтириб бориш йўлга қўйилди. Бу жараёнда семизликнинг зарари, ортиқча вазндан қандай халос бўлиш борасида маслаҳатлар бериш ҳам кўзда тутилган.

Ҳар жума куни “Йўл ҳаракати хавфсизлиги куни” тадбири доирасида ходимларга ҳам йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг оқибатлари тушунтириб борилади. Бу ҳар бир ходимнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя этишдаги масъулиятини оширишга қаратилган.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолатларининг олдини олиш ва йўл-транспорт ҳодисалари профилактикасини таъминлашга қаратилган махсус тадбирларни ташкил этиш доимий тус олади.

Ўрни келганда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг биринчи чорагида йўл-транспорт ҳодисалари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25,3 фоизга камайишига эришилди. Аммо дастлабки чоракда ЙТҲ натижасида 359 нафар инсон бевақт ҳаётдан кўз юмгани, қарийб 1,2 минг нафар инсон турли даражада тан жароҳати олгани ачинарли ҳолдир.

Оддий рақамларда ифодаланган ушбу маълумот замирида қанчадан-қанча инсонлар тақдири ётгани, уларнинг оила аъзоларига оғир мусибатлар етгани ҳаммамизни ташвишга солади. Айнан шунинг учун ҳам йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ва махсус тадбирларнинг ўтказилиши муҳим аҳамият касб этади.

Осойишталик посбонларининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш учун ҳар чоракда камида бир маротаба спорт мусобақалари ўтказилади.

Жума кунларида ташкил этиладиган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги куни” ва “Автомобилсиз кун” акцияси тадбирларида ходимларнинг фаол иштироки таъминланади. Турли хайрли, савобли ишларга ҳам ходимлар ҳисса қўшиб боради.

Ички ишлар органлари таълим муассасалари ўқувчилари иштирокида китобхонлик тадбирлари ташкил этилади. Бу бўлажак ҳуқуқ-тартибот посбонларининг маънавиятини юксалтиришда муҳим ўрин тутиши шубҳасиз.

Мухтасар айтганда, ички ишлар органларининг ҳар бир ходими нафақат жисмонан, балки маънан етук бўлиши шарт. Қўйилаётган талаблар айнан шу мақсадга хизмат қилиб, ходимларимиз ҳар томонлама намунали бўлишга интилади, деган умиддамиз.

Муроджон Матниёзов,

Ички ишлар вазирлиги масъул ходими.