Ака-ука ва опа-сингилларнинг фарзандлари ўртасида никоҳ тақиқланиши мумкин

Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 16-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида» қонун лойиҳасини тайёрлади ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Унга кўра, никоҳ тузишга насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингилларининг фарзандлари ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида йўл қўйилмайди.

Соғлиқни сақлаш, Адлия вазирликлари, Хотин-қизлар қўмитаси ва «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази қонуннинг ижрочиларга етказилишини ҳамда унинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилишини таъминлайди.

Қонун лойиҳаси муҳокамалари 9 мартга қадар давом этади.