2019 йилдан бошлаб чақирилиш муддатини кечиктириш ҳуқуқига эга бўлмаган Ўзбекистон фуқаролари март-апрель ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилади (аввал — февраль-мартда эди). Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 22 февралдаги қарорида кўзда тутилган.
Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этиш ҳуқуқига эга бўлмаган, жорий йил чақирув мобайнида Қуролли Кучлар сафига чақирилмайдиган фуқаролар сафарбарлик чақируви резервига олинади.
2018 йилда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган, ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатларини ўтаб бўлган Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари март-апрель ойларида резервга бўшатилади.
Мудофаа вазирлиги аввалроқ қишки вақтлардаги чақирув фуқароларнинг узоқ туманлардан йиғиш пунктларига келишларидаги қийинчиликлар, чақирув пунктларини иситиш каби бир қатор муаммоларни келтириб чиқараётганини маълум қилган эди.