1 февралдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?

«Норма» нашри қишнинг сўнгги ойида Ўзбекистонда кучга кирадиган қонунчиликдаги асосий ўзгартиришлар тўғрисида маълумот берди.

Ўзбекистон чет элликлар учун эшикларини очмоқда

а) 45 та мамлакат фуқаролари учун Ўзбекистонга кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланмоқда. Шуни қайд этиб ўтиш лозимки, улар орасида аввалига фақат 2021 йилдан бундай имкониятни бериш мўлжалланган мамлакатлар ҳам бор;

б) 76 та мамлакат (рўйхатга қаранг) фуқаролари Ўзбекистонга кириш учун электрон виза расмийлаштира оладилар. Унинг афзалликлари – осон ва тез берилишида: e-visa.gov.uz махсус портали орқали атиги икки иш куни ичида (мурожаат қилинган кунни ҳисобга олмаганда).

Ваколатли иқтисодий операторлар ва «фронт-офислар» жорий этилади

Халқаро стандартларга мувофиқ ваколатли иқтисодий операторлар институти жорий этилади. У ташқи иқтисодий фаолиятнинг ҳалол иштирокчиларига соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этишни назарда тутади.

Бундай мақом берилиши учун юридик шахс жавоб бериши керак бўлган мезонлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши керак.

Бундан ташқари, ДБҚнинг Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридаги бошқармалари божхона постларида, «Тошкент-АЭРО» ИБМда пилот режимида махсус «фронт-офислар» ташкил этилади. У ерда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг божхона юк декларацияси бепул тўлдириб берилади.

Маълумотномалар ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги маълумотларни давлат органлари тақдим этади

Кўчмас мулк объектларига бўлган эгалик ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар тўғрисидаги ахборот, кейинчалик уларни рўйхатдан ўтказиш учун, қуйидагилар томонидан тақдим этилади:

маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари;

давлат нотариал идоралари;

Қурилиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари;

бошқа ваколатли органлар.

Улар кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, ўтиши, чекланиши ёки бекор қилинишига оид ҳар бир далил юзасидан кадастр органлари бўлинмаларига бир кун ичида хабар беришлари шарт. Кадастр ҳужжатлари архивини шакллантириш учун эса бир ҳафта ичида тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари юборилади.

Ой бошидан ишга туширилиши керак бўлган махсус ахборот-дастурий комплекс ёрдамида идоралараро ҳамкорлик амалга оширилади. Умуман олганда бундай тартиб фуқаролар ва бизнес нуқтаи назаридан кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш жараёнини тезлаштириш ва соддалаштириш имконини беради.

Халқ қабулхоналари халққа янада яқин бўлади

Улар одамларнинг муаммоларини уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал қилиш билан шуғулланадилар. Давлат органлари аҳоли билан бевосита ишлай бошлайдилар. Ушбу механизмлар амалдаги мурожаатлар билан ишлаш тизимига қўшимча равишда жорий этилмоқда.

Ишчи гуруҳлар уйма-уй юриш ва ижтимоий объектларни ўрганиш натижаларини таҳлил қиладилар. Бунинг натижасида аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан қисқа (1 йиллик) ва ўрта муддатли манзилли тадбирлар режалари шакллантирилади.

Янгиликлар киритилиши муносабати билан Халқ қабулхоналарига қўшимча вазифалар юклатилди ва тегишли ҳуқуқлар берилди.

Секторлар ҳам фаоллаштирилади

2017 йилда давлат бошқарувига янги ёндашувлар жорий этилган: ҳудудлар комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларга ажратилган. Бу билан маҳаллий ҳокимият, прокуратура, ички ишлар ва солиқ хизмати органларининг иши консолидацияланган. «Маҳалла – туман (шаҳар) – вилоят – республика” вертикал бошқарув тизими жорий этилган.

2019 йил февралдан бошлаб мавжуд секторлар доирасида олиб бориладиган иш модернизацияланади. Уларнинг раҳбарлари мунтазам равишда жойларга чиқиб, фуқаролар ва бизнес вакилларини қабул қилишлари керак:

туман (шаҳар) даражасида – ҳафтасига камида 1 марта;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва пойтахт даражасида – ойига камида 2 марта.