Фарғона вилоятида умумий қиймати салкам 6 миллиард сўмга яқин уяли алоқа воситаларининг четдан ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди. Бу ҳақда вилоят Божхона бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан вилоят ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Фарғона—Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган фуқаро бошқарувидаги Cobalt русумли автотранспорт воситаси Наманган вилоятига кириш масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилган.
Текширув давомида втотранспорт воситасининг салони ва юкхонасида четдан ноқонуний олиб кирилаётган, хорижда ишлаб чиқарилган ҳамда божхона расмийлаштирувидан ўтганини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган дастлабки қиймати 5 миллиард 788,9 миллион сўмлик жами 24 турдаги 550 га яқин уяли алоқа воситалари борлиги аниқланган.
Телефонларнинг аксариятини iPhone 15 Prо, iPhone 15 Prо Мах, Samsung Galaxy С23 Ultra, Samsung Galaxy С23 FE русумидаги мобил алоқа воситалари ташкил этган.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.