FAKENEWS: МЕДИАДА ЁЛҒОН ХАБАР

Бугун тармоқларда ёлғон хабарлар, видеолар, суратлар шунчалик кўпайиб кетяптики, инсон қай бирига ишонишни ўйлаб қолади.

Бу материалимизда ёлғон, яъни фейк хабар нима ва у қаердан келиб чиқади ёки кимлар бундан манфаатдор деган қарашларни ёритмаймиз. Балки жамиятга таъсири, оқибатлари ҳақида, қолаверса, турли фейкларга ишониб, дарров хулоса чиқармаслик учун нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида гаплашамиз.

Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти кўмаги билан кичик тадқиқот ўтказилди.

— Бугунги кунда янгиликларни асосан ижтимоий тармоқларда кузатиб бораман, —дейди Фарғона шаҳар 2 – ИДУМ 11-синф ўқувчиси Имрон Ҳасанов — У ерда дуч келган ижтимоий мавзуларга оид хабарлар, сараланмаган матн ва суратлар, видеоларни кўришим мумкин. Менку ёлғон ёки рост хабарларни фарқига етишни билиб олганман, аммо синфдошларимнинг кўпи ишонади. Бошқа шерикларига юборади. “Бекорга бундай хабар чиқмайди”, деб мени енгишга уринишади.

Келинг узоққа бормайлик, 2 йил олдин дунёда пандемия эди. Ижтимоий тармоқларда мамлакатимизга олиб келинаётган коронавирусга қарши вакциналар инсон организми учун зарарли экани, айниқса, Хитойда ишлаб чиқарилган вакцина жуда хавфлилиги тўғрисида турли асоссиз хабарлар тарқалган. Ана шундай оғир ва мураккаб даврда дунё олимлари томонидан вакциналар ушбу касалликнинг олдини олиш ва пандемияни тўхтатиш учун барчамизга катта умид ва ишонч бағишлаган. Шу даражага етдикки,   раҳбарлар эмлашни ўзларидан бошлаб беришди. Cоғлиқни сақлаш вазирлиги “Мен вакцина олдим” акция ташаббуси билан чиқди. Ахир халқ кўриши, ишонч ҳосил қилиш керак эди-да. Аммо, фейклар барибир ўз таъсирини ўтказди. Касалликдан кўплаб ўлимлар кузатилди.

— Тармоқларда нафақат коронавирусга қарши вакциналар ҳақида хабарлар, балки бугунги кунгача турли хасталикларга қарши вакциналар тўғрисида кўплаб ёлғон маълумотлар пайдо бўлган, —дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Фарғона вилоят бошқармаси бош мутахассиси Ҳокимжон Мамажонов. — Ҳозирги вақтга қадар дифтерия, қоқшол, кўкйўтал каби касалликларга қарши вакциналар профилактик эмлаш календарига киритилиб, улар сони 13 тага етказилган.

Масалан, бачадон бўйни саратони аёллар саломатлигига энг жиддий таҳдидлардан биридир. Ўзбекистонда бачадон бўйни саратони ҳар қандай ёшдаги аёллар орасида кўкрак саратонидан кейин иккинчи ўринда туради ва туғиш ёшидаги аёллар учун кўкрак саратонидан кейин ўлимга олиб келувчи сабаблар орасида юқори ўринларни эгаллайди. Бу вакциналар ҳақида ҳам ёлғон, фейк хабарлар жуда кўп учратасиз. Ҳайриятки, мамлакат бўйлаб кенг тарғибот қилишимиз сабабли бизда мазкур касалланишнинг камайишига эришилмоқда.

Сўровномага қайтамиз. “Иқтисодий шарҳ” журнали ҳам 2212 нафар ўқувчилар ўртасида Сиз қайси маълумот манбаларига кўпроқ ишонасиз?” мавзусида сўров ўтказиб, аҳолининг ахборот манбаларига ишончи даражасини ўрганди.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, фуқароларнинг кўпчилиги блоггерларга ишонади, иккинчи ўринда давлат матбуот хизматлари, учинчи ўринда ижтимоий тармоқлар турибди.

Бу ўринда шу нарса аниқ бўлдики, медиадан фаол фойдаланиш медиа-таълимнинг танқидий тафаккурни шакллантириш мақсадига мос.

Филология бўйича фалсафа доктори Санобар Жуманова бола оиласи билан кўп вақт ўтказиши, оилада унинг медиа-истеъмоли назорат қилиниши, ота-онаси бу борада намуна бўлиши, медиа-олам ҳақида дастлабки кўникмалар шакллантирилиши керак, дейди.

Эксперт мутахассисимиз профессор Беруний Алимов ҳам бундан буён фейклар камаймайди, аксинча кўпайиши мумкин демоқда. Шунингдек, аввало инсонда тафаккур шаклланган бўлиши, танқидий фикрлаш хусусусияти бўлсагина хабарларнинг рост ёки ёлғонлигини ажрата олишини айтмоқда.

– Танқидий фикрлаш – бу бирон нарсага танқидий назар билан қараш ёки танқид қилиш маъносида эмас, ўқаётган, кўраётган, эшитаётган маълумотларимизни қайсидир маънода текшириб кўришни англатади. Масалан, интернет тармоқларда кўзимиз тушадиган ахборотларга тўғридан-тўғри ишониб кетмаслик ва аксинча, уларга шубҳа билан қараш зарур. Қолаверса, ўша маълумотларни текшириб кўришимиз керак. Бунинг учун турли хил онлайн дастурлардан фойдаланиш мумкин.

И.Абдужабборов.